Ёшлар фестивали дастурига мувофиқ Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида 30 дан зиёд маданий-маърифий тадбир, хусусан, спорт мусобақалари, тадбиркорлар билан учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, кўрик-танловлар, ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳалари, киберспорт мусобақалари, меҳнат ярмаркалари, тиббий кўрик, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарлар ўтказилди.
Фестиваль эрта тонгдан байрамона юриш марафони билан бошланди. Ҳар бир ҳудудда 2000 нафарга яқин ёш 3 километр масофани босиб ўтди.
“Биз бир бўлсак, ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилган ёшлар фестивали доирасида ҳудудларда саломатлик акциялари уюштирилди. Ушбу акция орқали вилоят маҳаллаларида истиқомат қилувчи 6 мингга яқин аҳоли вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар 8 турдаги тор мутахассислик вакилларидан маслаҳат ҳам олди. Жойларда турли касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида самарали даволашга қаратилган бу каби тиббий кўриклар кун давомида бўлди.
Эрта тонгдан ёшлар етакчилари ҳамда фаол кўнгилли ёшлардан иборат волонтёрлар ҳудудлардаги жамоат жойлари, боқувчисини йўқотган ҳамда ёлғиз нуронийлар хонадонларида ҳашар уюштиришди.
[gallery-13530]
Жойларда янги иш ўринларини яратиш, фуқароларни доимий даромад манбаига эга қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бу муаммони юмшатиш имконини бермоқда. Бироқ ҳар йили меҳнат бозорига минглаб ёшларнинг кириб келаётгани айни соҳада тобора изчиллик ва кенг қамровни талаб этмоқда. Ёшлар фестивали доирасида ҳудудларда бўлиб ўтган бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ана шу мақсадда ташкил қилинди. Унда 97 та корхона ва ташкилот 3 мингдан ошиқ вакант ўринлар билан иштирок этди. Ярмаркада 156 нафар ишсиз фуқаро билан меҳнат шартномаси тузилди. Ўнлаб ишга талабгорлар касб-ҳунар ўрганиш марказларига жалб қилинган бўлса, айримларига тадбиркорликни йўлга қўйиш, ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Бундан ташқари, вилоят бўйлаб оммавий спорт тадбирлари ҳам ўтказилди. Спортнинг миллий кураш, мини футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат турлари бўйича мусобақалар бўлди. Ёшлар фестивали “Биз – яхшилик занжирининг биримиз!” шиори остидаги акциялар билан давом этди. Кўнгилли ёшлар маҳаллалардаги меҳнат фахрийлари, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”да рўйхатда турувчи эътибор ҳамда кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олинди.
Санъат усталари, ёш хонандалар томонидан ижро этилган куй ва наволар барчани бирдек хушнуд этди. Фестиваль доирасида ташкил қилинган тадбирларда фаол иштирок этган ёшлар муносиб тақдирланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири