Битта ариза - бир нечта банк: тадбиркорга кредит танлаш осонлашди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида кичик ва ўрта бизнес ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун яратилган “TadbirCore” очиқ рақамли кредит маркетплейси тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази директори Нуриддин Ҳамидов ва “Simple Smart Systems” директори Шуҳратбек Қурбонов иштирок этиб, платформанинг имкониятлари ва ундан кўзланган мақсадлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, платформа тадбиркорларнинг молиялаштиришга бўлган эҳтиёжини банкларнинг кредит таклифлари билан ягона рақамли майдонда бирлаштириб, кредит олиш жараёнини соддалаштириш ва танлов имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Платформа “ягона ойна” тамойили асосида ишлайди. Тадбиркор электрон рақамли имзоси билан битта ариза топширади. Зарур маълумотлар давлат ахборот тизимларидан электрон равишда олинади ва ариза платформага уланган банкларга юборилади. Шу тариқа, тадбиркордан бир хил маълумотларни қайта-қайта тақдим этиш талаб қилинмайди. Банклар ўз шартларидан келиб чиқиб таклифларини тақдим этади, тадбиркор эса кредит суммаси, фоиз ставкаси, муддат ва бошқа шартларни солиштириб, ўзига мос таклифни танлайди.

“Simple Smart Systems” директори Шуҳратбек Қурбоновнинг таъкидлашича, платформанинг асосий мақсади тадбиркорларнинг кредит олиш жараёнидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш ва банклар ўртасида рақобатни кучайтиришдан иборат.
– Ҳозир жисмоний шахслар кредитни иловалар орқали онлайн олишга ўрганиб қолган. Лекин кичик бизнес ва микробизнесда ҳали ҳам эски офлайн тизим сақланиб қолган: ҳужжат йиғасиз, банкка борасиз, банк аризани кўриб чиқади. Кўпинча тадбиркор фақат ўз банкига мурожаат қилади ва бошқа банкларнинг шартларини солиштириш имкониятига эга бўлмайди.
TadbirCore платформасининг асосий ғояси ҳам шу ердан келиб чиққан. Тадбиркор битта ариза билан бир вақтнинг ўзида бир нечта банкка мурожаат қилади ва уларнинг таклифларини солиштириш имкониятига эга бўлади.
Платформа тадбиркор учун мутлақо бепул. Тадбиркор қайси ҳудудда бўлишидан қатъи назар, онлайн равишда банкларга мурожаат қилиши мумкин. Кредит ажратилгандан кейинги муносабатлар эса тўғридан-тўғри банк ва тадбиркор ўртасида давом этади, – деди Ш.Қурбонов.

Айтиш жоизки, пилот даврида 23 та банк платформага уланган. 3 минг 262 та тадбиркордан ариза келиб тушиб, 1 минг 5 та кредит ажратилган. Жами кредитлар қиймати 415,7 миллиард сўмни ташкил қилган. Ариза топширишдан кредит ажратилишигача бўлган ўртача муддат бир ярим суткани ташкил этган.
Платформада тадбиркор кредит маҳсулотини мустақил танлаши ёки махсус сўровнома асосида ўзига мос кредит турини аниқлаши мумкин. 10 та саволга жавоб бериш орқали тизим тадбиркорга фаолиятига мос кредит маҳсулотларини тавсия қилади. Айни пайтда платформада 17 турдаги кредит маҳсулоти мавжуд.
Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази директори Нуриддин Ҳамидовнинг таъкидлашича, платформанинг муҳим жиҳатларидан бири кредит жараёнини рақамлаштириш натижасида ортиқча вақт сарфи ва бюрократик жараёнларни қисқартиришдир.
– Биз платформани шундай ташкил қилдикки, тадбиркордан бир хил маълумотларни қайта-қайта сўрашга ҳожат қолмайди. Зарур маълумотлар давлат ахборот тизимларидан электрон тарзда олинади ва банкка қайта ишлаш учун тайёр шаклда етказилади.

Платформа нафақат тадбиркор, балки банклар учун ҳам жараёнларни тезлаштиради. Банк ходими қоғоз ҳужжатларни қайта ишлашга эмас, балки бевосита кредит аризасини кўриб чиқишга эътибор қаратади.
Яна бир муҳим жиҳати эса банклар ўртасида рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилмоқда. Платформада банкларнинг аризаларни кўриб чиқиш тезлиги ва кредит ажратиш кўрсаткичлари бўйича статистика шакллантирилади. Бу банкларни ички жараёнларини оптималлаштириш ва тадбиркорларга тезроқ ҳамда қулайроқ шартларни таклиф қилишга ундайди, – деди Н.Ҳамидов.
Қайд этилишича, платформанинг кейинги босқичларида муқобил скоринг механизмларини ҳам жорий этиш режалаштирилган. Бунда тадбиркорнинг нафақат кредит тарихи, балки бошқа молиявий фаолиятига оид маълумотлар ҳам ҳисобга олинади. Бу эса илгари кредит олмаган, аммо барқарор фаолият юритаётган тадбиркорларни баҳолаш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Платформанинг пилот босқичи якунлангач, 24 сентябрь куни Самарқандда расмий road-show ўтказилиши, 1 октябрдан эса тўлиқ режимда ишга туширилиши режалаштирилган.
Тадбир якунида масъуллар журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА