Пойтахтимизда жойлашган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабга журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур аввалида мактаб директори Олимжон Тўйчиев асосий мақсад – бугунги кунда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган ислоҳотлар натижасини кўрсатиш, ушбу даргоҳда яратилган имкониятлар ва иқтидорли ўқувчилар томонидан амалга оширилаётган муҳим лойиҳаларни яқиндан таништириш эканини таъкидлади.
Шундан сўнг Президент таълим муассасалари тизимидаги мазкур мактабда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан, тўгараклар фаолияти, сайловлар, “Star” маркет лойиҳаси, мактаб музейи ва телескопи бирин-кетин намойиш қилинди, журналистларга қизиқарли маълумотлар берилди.
Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб, асосан, математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга йўналтирилган.
Қайд этиш керак, 200 нафар ўқувчи ўрни, шунингдек, 150 ўринли турар жойга эга мазкур муассаса фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аеронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида” қарорига мувофиқ йўлга қўйилган.
Тадбир давомида журналистлар мактабда таълим олаётган 188 нафар ўқувчига инновацион усулларда дарс ўтиш мақсадида аерокосмик технологиялар хонаси ташкил этилганига гувоҳ бўлишди. Мактаб биносининг том қисмида ўрнатилган Телескопда ўқувчилар осмон жисмларини кузатади. Робототехника, ёш физиклар, математиклар, астроном ва информатиклар тўгараклари ҳам бор.
Жорий ўқув йилида ушбу муассасани тамомлаган 29 нафар битирувчининг барчаси маҳаллий ҳамда хорижий олий таълим муассасаларига талабаликка тавсия этилгани алоҳида эътироф этилди. Улар хорижий университетларнинг умумий ҳисобда 6 миллион 141 минг 700 доллар миқдоридаги халқаро грантларига эга бўлган.
Қолаверса, битирувчи ёшларнинг 23 нафари халқаро IELTS сертификатини қўлга киритган, мактабнинг 2 нафар битирувчиси “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси соҳибига айланиб, АҚШнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олиш имконига эга бўлган.
Мактабни ташкил этишдан асосий мақсад – астрономия фанининг келгусидаги ривожланиши учун малакали кадрларни тайёрлаш, иқтидорли ёшларнинг астрономия ва аеронавтика фаолияти соҳасидаги миллий ҳамда умумжаҳон тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган интилишини ривожлантириш.
Тадбир якунида, шунингдек, мактаб Президенти сайланди. Сайлов натижаларини эълон қилишда журналист ва блогерлар бевосита иштирок этди.
Б. Худойбердиев, ЎзА