Битирувчиларга иш таклиф этилди
Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўтказилган “Карьера куни” доирасида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада Самарқанд вилоятидаги 100 дан ортиқ корхона ва ташкилот, жумладан, мактабгача ва мактаб таълими, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаларининг туман (шаҳар) бўлимлари, “Siyob Group” ҳолдинги, “АДМ Жиззах”, “СамАвто” қўшма корхоналари, хусусий ўқув марказлари, IT Парк резидентлари, туризм ва сайёҳлик компаниялари бошқа иш берувчи субъектлар иштирок этди. Улар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда эҳтиёж сезилаётган мутахассисликлар ҳақида маълумот бериб, битирувчиларни ишга таклиф қилди.
[gallery-29116]
Иш берувчилар томонидан 1000 га яқин бўш иш ўринлари таклиф этилди ва 295 нафар битирувчи дастлабки шартномаларни имзолашга эришди. Шунингдек, “Келажак” марказлари вакансиялари бўйича танловда иштирок этиш учун 200 га яқин битирувчи рўйхатдан ўтди.
Тадбир давомида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан “Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида имтиёзли кредит олган битирувчиларга ваучерлар топширилди.
Институт раҳбариятининг маълум қилишича, 2025-2026 ўқув йилида мазкур ўқув даргоҳини 2421 нафар талаба битирмоқда. Уларнинг асосий қисми таълим муассасаларида ва сайёҳлик соҳасида фаолият бошлаш ниятида.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари