Битирувчи синфлар ўқувчилари учун давлат имтиҳонлари бошланди
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча умумий ўрта таълим муассасаларида битирувчи синфлар ўқувчилари давлат имтиҳонларини топширишмоқда.
Ушбу муҳим синов ёшларнинг эгаллаган билим ва кўникмаларини баҳолаш, уларнинг келгуси таълим босқичларидаги фаолияти учун мустаҳкам замин яратади.
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги 10-сонли умумтаълим мактабида ҳам давлат имтиҳонлари юқори даражада ташкил этилмоқда.
Имтиҳонлар бошланиши аввалида ўтказилган тадбирда сўз олган мактаб директори Хуршид Толибов битирувчиларни давлат имтиҳонлари бошлангани билан табриклаб, уларга синовларда фаол иштирок этиш, билимларини тўлиқ намоён этиш ҳамда имтиҳонларни аъло ва яхши баҳоларга топширишни тилади.
Бугунги кунда мазкур таълим даргоҳида 1708 нафар ўқувчига 163 нафар ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда. Жорий ўқув йилида 9-синфни 149 нафар, 11-синфни эса 143 нафар ўқувчи тамомламоқда.
– Айни пайтда 9-синфни битираётган ўқувчиларимизнинг 32 нафари турли фанлардан 47 та сертификатни қўлга киритишган, – дейди мактаб директори Хуршид Толибов. – 11-синф ўқувчиларимиз ҳам белгиланган тартибда турли фанлардан миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлишган. Жумладан, уларнинг 7 нафари ҳозирданоқ олий таълим муассасаси талабаси деган номга сазовор. Шунингдек, мактабимиз “Энг яхши мактаб” кўрик- танловида вилоятда 2-ўринни қўлга киритди. Ҳозир битирувчиларимиз давлат имтиҳони бўйича берилган топшириқларни ўзлари эгаллаган билим, кўникма ва малакалар асосида бажаришмоқда.
Таъкидлаш жоизки, давлат имтиҳонларини шаффоф ва адолатли ўтказиш, ўқувчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларнинг билимларини холис баҳолашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА