Битирувчи: кўникма ва малакалар синови
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида битирувчи курс талабалари томонидан тайёрланган битирув малакавий ишларининг ҳимоя жараёнлари давом этмоқда.
Ҳимоя жараёни тасдиқланган жадвал асосида факультетлар кесимида ташкил этилиб, унда Давлат аттестация комиссияси аъзолари, профессор-ўқитувчилар ва илмий раҳбарлар иштирок этмоқда.

– Табиий фанлар факультетини жорий ўқув йилида жами 240 нафар талаба битириши кутилмоқда. Шундан кимё таълим йўналиши бўйича 58 нафар, биология таълим йўналиши бўйича 55 нафар, география таълим йўналишида 54 нафар, физика таълим йўналишида 31 нафар ва технологик таълим йўналиши бўйича 42 нафар талаба битирмоқда, – дейди факультет декани Қаржаубай Реймов.

Мазкур факультетда битирув малакавий ишларининг ҳимоя жараёни юқори даражада ташкил этилган бўлиб, талабалар ўзларининг илмий изланишларининг натижалари, танланган мавзунинг долзарблиги, амалий аҳамияти, шунингдек, ишлаб чиқилган тавсияларни тақдимотлар орқали намойиш этмоқда. Уларни баҳолаш жараёнида мавзунинг илмий янгилиги, назарий ва амалий аҳамияти, тадқиқот методларидан самарали фойдаланилганлиги, шунингдек, талабанинг мустақил фикрлаши ва ўз нуқтаи назарини асослаб бера олиш кўникмаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳимоя тадбирлари талабаларнинг эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини намоён этиш, уларнинг касбий тайёргарлик даражасини аниқлаш ва келгуси меҳнат фаолиятига пухта тайёрлигини баҳолашда муҳим босқич ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири