“Бировдан ёрдам сўрашни ўзимга эп кўрмайман!”
Тошкент вилояти Пискент тумани Мўминобод маҳалласида истиқомат қилувчи Дилфуза Иноқова оқила, меҳнаткаш, тадбиркор аёл сифатида маҳалладошлари кўнглидан жой олиб улгурди.
Тошкент вилояти Пискент тумани Мўминобод маҳалласида истиқомат қилувчи Дилфуза Иноқова оқила, меҳнаткаш, тадбиркор аёл сифатида маҳалладошлари кўнглидан жой олиб улгурди.
Коронавирус пандемияси ҳар томонлама синов бўлган бир даврда ишсиз қолган кўпчилик инсонлар маҳалла ва ҳокимликларга моддий ёрдам сўраб мурожаат этди. Дилфуза опа эса аксинча...“Шароит инсонни эмас, инсон шароитни яратади” дейди.
Д.Иноқова нон ва ширинликлар ишлаб чиқарадиган якка тадбиркор аёл. Ўзи ногирон бўлишига қарамай, маҳалласидаги 2 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган. Эътиборимизни тортган жиҳати шундаки, у иккинчи гуруҳ ногирони, оилада икки нафар фарзандни тарбиялаётган ёлғиз она. Оладиган нафақаси опанинг дори-дармони, 2 нафар фарзандининг эҳтиёжи ва бетоб онанинг харажатларига “урвоқ” ҳам бўлмаслигини англаш қийин эмас.
– Онамнинг айтишича, болалигимда акам аравачадан йиқитиб қўйган экан, – деб эслайди Дилфуза опа. – Ота-онам мени даволатишга роса ҳаракат қилишган... Республика травматология институтида 2-3 ёшимда кўп даволанганман. Шифокорлар бел ва елка қисмимни даволаш учун операция қилиш кераклигини айтишган. Аммо мураккаб операция жараёнида нерв толаларига жиддий шикаст етиши ва унинг оқибатида руҳий зўриқиш, шол бўлиб қолиш эҳтимолини эшитган ота-онам таваккал қилишолмай, операциядан воз кечишган. Вояга етиб турмушга чиқдим. Бир ўғил, бир қизли бўлдим. Турмуш ўртоғим билан тўрт йил яшадик. Минг афсуски, турмуш ўртоғим бевақт оламдан ўтди. Яшашдан умидимни уздим. Аммо мени ҳаётга қайтарган фарзандларим бўлди. Болаларим учун яшашим зарурлигини англадим. Фарзандларимни бағримга босиб, туни билан йиғлаб, ўйлаб чиқардим. Энди нима қиламан, қандай яшайман, болаларимни қандай боқаман, дея юрагим эзиларди. Шундан кейин мен кучли аёлман, бардошлиман, ҳаммасини енгаман, деб ўзимни ишонтирдим. Ишончим қатъийлашиб ҳаракат қила бошладим.
Дилфуза опани меҳнат жараёнида кўриш иштиёқида цехига бордик. Янги пишган нон ва ширинликлар иси уфурган шинамгина цехда аҳил жамоани учратдик.
– Бундан икки йил илгари Микрокредитбанкдан 28 миллион сўм кредит олиб, нон ва нон маҳсулотлари пиширадиган печь харид қилдим. Маҳсулотларимиз харидорларга манзур бўлиб, сифати ҳам яхшиланиб борди. Бир ойда соф даромадим 3-4 миллиондан ошади. Мен ўз ҳолатимга қарамасдан ҳаётда энг омадли, бахтли инсонман. Бировлардан ёрдам сўрашни истамайман. Аксинча, ёрдам берадиганлар қаторида бўлишга интиламан.
– Иш фаолиятимиз давомида жуда кўп фуқаролар мурожаатини ўрганамиз, – дейди Пискент тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳурниса Аҳмедова. – Ҳозирги кунда аксарият мурожаатлар моддий ёрдам масаласида. Айрим мурожаатлардан ҳайратланасан киши. Тўрт мучаси соғ бўлатуриб моддий ёрдам сўрашдан чарчамайди. Ҳаётда ўз йўлини топсин дея уларга иш таклиф қилсак ёки давлатимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган имкониятлар, кам фоизли кредитлар ҳақида тушунтирсак, маъқул кўришмайди. Уларнинг аксарияти тайёр моддий ёрдамни оладию, иккинчиси қачон берилади, деб кутиб ўтиришади. Имконияти чекланган бўлатуриб тадбиркорлик билан шуғулланиб, оиласини обод қилаётган Дилфуза сингари фуқаролардан ўрнак олишларини айтамиз. Дилфуза қийналган вақтларида ҳам бирор марта маҳаллага ёрдам сўраб чиқмаган. Доимо ҳамма нарсага ўз меҳнати билан эришишни истайди.
Кеч тушганига қарамай, цехда нон ва ширин кулчалар пишмоқда. Зеро, ҳали олдинда амалга ошмаган режалар, орзулар кўп. Эртанги кунга умид бор, ҳаракат бор. Дилфуза Иноқова тақдиридан нолимай олға интилади.
Турмуш юкини, рўзғор "араваси"ни аёлига юклаб, боқимандага айланиб қолган айрим эркаклар, фарзандлар тарбиясига вақт ажратмай соатлаб гўзаллик салонларида ўтирадиган аёллар, данғиллама уй ва машиналарини қаторлаштириб қўйгани ҳолда маҳалла ва ҳокимият остонасида моддий ёрдам кутиб турадиган баъзи “ёрдамталаб”лар Дилфуза Иноқованинг курашувчанлиги ҳамда жасоратидан ўрнак олса арзийди!