24 октябрь – БМТ ташкил топган кун
Сайёрамиздаги энг глобал тузилма – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, таъбир жоиз бўлса, роппа-роса 78 ёшга тўлди. Ушбу нуфузли халқаро ташкилотга айнан 1945 йил асос солингани бежиз эмас. Бинобарин, бу қадам Иккинчи жаҳон уруши даврида содир этилган ваҳшийликларга муносиб жавобдир.
Халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракати самараси ўлароқ, инсониятнинг даҳшатли уруш такрорланишига йўл қўймаслик хоҳиши ва ишончидан келиб чиқиб тузилган БМТ ер юзида тинчлик ва хавфсизлик, хотиржамлик ва осойишталик, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида аъзо давлатларни бирлаштиришга хизмат қиладиган универсал халқаро тузилма ҳисобланади.
БМТнинг вазифаси ва фаолияти йўналиши 1945 йил 26 июнь куни Сан-Францискода 50 мамлакат томонидан тасдиқланган Низомда баён этилган мақсад ва тамойил негизида белгиланади.
1954 йил 24 октябрда кучга кирган ушбу ҳужжат Ташкилот тузилмасини, низо ва тажовузга ечим топишнинг асосий мезонини мустаҳкамлаган. Бу муҳим сана 1948 йилдан буён бутун дунёда БМТ ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади. Шуниси эътиборга сазоворки, БМТ Низоми инсон ҳуқуқи муҳофазасига қаратилган, глобал миқёсда қўллаб-қувватланган илк ҳужжатдир. Ўша қоидалар орадан уч йил ўтиб, 1948 йил Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида акс этган.
БМТ Низомида Ташкилотнинг қуйидаги тўрт асосий вазифаси кўрсатилган:
халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш;
миллатлар ўртасида дўстона алоқани ривожлантириш;
халқаро муаммоларни ҳал этиш ва инсон ҳуқуқи ҳурмат қилинишини рағбатлантириш;
халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва умумий мақсадга эришишда миллатлар саъй-ҳаракатини мувофиқлаштириш.
БМТ Низоми асосида илк бор Иккинчи жаҳон уруши оқибатида ачинарли аҳволга келиб қолган Европа ҳудудида яшовчи халқларга гуманитар ёрдам кўрсатилиб, кўҳна қитъани қайта қуришга улкан ҳисса қўшилган. Кейинроқ фалокат ёки табиий офат туфайли азият чеккан аҳолига гуманитар ёрдам етказишда муайян давлат ожизлик қилса, бундай ишлар БМТга топширилиши анъанага айланди.
БМТ таркибида 6 бош орган мавжуд: бештаси – Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгаш, Васийлик Кенгаши ва Котибият Нью-Йоркдаги марказий қароргоҳда, Халқаро суд эса Гаага шаҳрида фаолият юритади.
БМТ ҳукумат эмас, яъни қонун қабул қилмайди. Бинобарин, халқаро можарони бартараф этиш ва ер юзи аҳолисига дахлдор масалани ҳал этиш сиёсатини ишлаб чиқишга ёрдам берадиган маблағга эга. БМТга аъзо катта-кичик, бой-камбағал, турли сиёсий қараш ёки тузумга эга давлатларнинг барчаси овоз бериш, овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳозир 193 давлатни бирлаштирган. Ўз аъзоларининг суверен тенглигига асосланган БМТ давлатлар ички ишига аралашмайди. Низомда қайд этилган ҳар қандай мажбуриятни зиммасига оладиган давлат жамоага аъзо бўла олади. Янги аъзолар Хавфсизлик Кенгаши тавсиясига мувофиқ, Бош Ассамблея қарори билан қабул қилинади. БМТ аъзолари халқаро низони тинч йўл билан ҳал этишлари лозим.
Ватанимиз 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлиб, ўша кундан эътиборан бош қароргоҳда давлатимиз байроғи ҳилпирай бошлаган. 1993 йил 24 октябрь куни Тошкентда ваколатхона очилди. Мамлакатимизнинг тузилма ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария) шаҳарларидаги бўлимларда, бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналармиз Вена (Австрия) шаҳридаги бўлимда фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган асосий халқаро ташкилот билан ҳамкорликка жиддий аҳамият қаратади. Давлатимиз БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад, тамойилларга содиқ бўлиб, зиммасига олган мажбуриятни оғишмай бажариб келмоқда.
Айни пайт республикамизда БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД), Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури, Гендер тенглик ҳамда аёллар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш тузилмаси, Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти каби ихтисослашган муассасалари – ўндан ортиқ дастур, жамғарма ва агентлик фаолият олиб бормоқда.
Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсади ва қоидасига қатъий амал қилган ҳолда, ўз овози ва мавқеига эга давлат сифатида Ташкилот фаолиятига дахлдор муҳим, долзарб ташаббусларни илгари сурмоқда.
БМТ билан ҳамкорлигимиз сўнгги йилларда мутлақ янги босқичга кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев Бош Ассамблеяда, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессияларида фаол иштирок этаётгани, жумладан, ўзбек тилида нутқ сўзлагани фикримизни тасдиқлайди.
Нисбатан қисқа муддат мамлакатимизда инсон ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатни бартараф этиш каби умуминсоний қадриятларга хизмат қилувчи масалаларда улкан натижаларга эришиш даври сифатида тарихда қолади. Энг муҳими, самарали ислоҳотларимиз БМТ тамойилига уйғун ва ёндош халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорликда олиб бориляпти.
Биргина мисол: куни кеча пойтахтимизда “Ёшлар ҳуқуқи: имконият ва ҳимоя қилиш механизми” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Анжуман дунё ҳамжамияти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни сифатида эълон қилинган тарихий сана арафасида ўтказилгани ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этади. Яъни, Тошкент халқаро форуми Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференцияси 30 йиллигига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури”да айни мавзуда халқаро форум ўтказиш кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу давлатимиз раҳбарининг сўнгги йилларда БМТ минбаридан ёшлар масаласи бўйича илгари сурилган 20 дан ортиқ миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларидан биридир.
Бугунги мураккаб даврда – қуролли низолар кўлами мисли кўрилмаган даражада кенгайиб, халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид тобора кучайиб бораётган шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг роли ҳамда масъулияти янада ортмоқда. Бинобарин, давлатимиз етакчиси қайд этганидек, “1945 йил ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилмага айланди”.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги изчил давом этади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясида мамлакатимиз дунёнинг барча давлатлари билан манфаатли ҳамкорликка, БМТ ва ташкилотнинг барча институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги яна бир бор тасдиқланган.
Республикамиз БМТни замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлайди. Янги ташаббус, қўшма лойиҳалар илгари суриш мақсадида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” изчил амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатдаги вазифалар тўлиқ рўёбга чиқарилиши мамлакатимизнинг БМТ билан муносабатини янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ғулом МИРЗО, ЎзА