Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилишида аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йилда 100 та қишлоқ врачлик пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этилишини таъкидлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан битта амалиёт шифокорига 1,5 минг нафар фуқаро бириктирилиши тавсия этилган. Шунингдек, оилавий поликлиникаларга ўртача 25-30 минг нафар фуқаро тўғри келиши лозим бўлса-да, амалда 40 мингдан 100 минггача фуқаро тўғри келмоқда. Шу боис қўшимча равишда кейинги 2 йилда яна 215 та қишлоқ врачлик пункти ва 61 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, кўплаб касалликлар асосан кечқурун хуруж қилишини инобатга олиб, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда навбатчилик асосида туну кун ишлайдиган тартибни жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев қуйи бўғин шифокорларини рағбатлантириш масаласига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, вилоят ва туман ҳокимлари тижорат банклари билан бирга ипотека дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларни аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратишни йўлга қўйиши лозимлигини таъкидлади.
ЎзА