Биринчилардан бўлиб режа бажарилди
Навоий вилояти Кармана туманидаги “Олим Раҳмон” фермер хўжалиги биринчилардан бўлиб белгиланган пахта топшириш режасини бажарди.
Хўжалик жорий йилда 40 гектар майдонда пахта етиштириб, ҳар гектаридан ўртача 70 центнердан ҳосил олишга эришди. Натижада белгиланган 170 тонна пахта топшириш режаси қисқа муддатда ортиғи билан бажарилди.
– Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, ер эгаси ва фермернинг манфаатини таъминлаш, меҳнат самарадорлигини ошириш ҳамда етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилмоқда, – дейди фермер Санжар Раҳмонов. – Яратилаётган шарт-шароитлар, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва ердан оқилона фойдаланиш борасидаги ёндашувлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Ҳосилдорликни ошириш учун мавсум давомида барча агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор қаратдик. Мақсадимиз белгиланган режани бажариш билан чекланиб қолмасдан, мавсумни юқори кўрсаткичлар билан якунлаш.

Ҳали далаларда ҳосил мўл. Фермер мавсум якунига қадар яна 50 тонна пахта топширишни режалаштирган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири