Биринчи чоракда электрон ҳисоб-фактура орқали товар айланмаси 691,5 триллион сўмга етди
Бугунги кунда иқтисодиётда рақамлаштириш жараёнлари нафақат қулайлик, балки шаффофлик ва самарадорликнинг муҳим омилига айланмоқда.
Хусусан, электрон ҳисоб-фактура (ЭҲФ) тизими орқали амалга оширилаётган ҳисоб-китоблар бизнес юритишни енгиллаштириб, молиявий муносабатларнинг очиқлигини таъминламоқда. 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини яққол кўрсатди.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг январь–март ойлари якунларига кўра, Ўзбекистонда иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнлари янада фаоллашгани кузатилди. Хусусан, электрон ҳужжат айланиш тизими орқали расмийлаштирилган электрон ҳисоб-фактуралар (ЭҲФ) бўйича жами товар айланмаси 691,5 триллион сўмни (ҚҚС билан) ташкил этди.
Мазкур кўрсаткич мамлакатда бизнес жараёнларининг рақамлашув даражаси ортиб бораётгани, солиқ маъмуриятчилигида шаффофлик таъминланаётгани ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Таҳлилларга кўра, товар айланмаси ҳажми бўйича энг юқори кўрсаткичлар йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Электрон ҳисоб-фактуралар тизимининг жорий этилиши тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳисоб-китобларни соддалаштириш, инсон омилини камайтириш ва молиявий интизомни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида давлат бюджети тушумларининг барқарор ўсишига замин яратади.
Иқтисодчилар фикрича, келгусида ЭҲФ тизимини янада такомиллаштириш, унинг қамровини кенгайтириш ва янги рақамли хизматлар билан интеграция қилиш орқали иқтисодиётдаги самарадорликни янада ошириш мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА