Биргина қотиллик Британияни ларзага солди
Буюк Британияда 18 ёшли талаба Ҳенри Новакнинг ўлдирилиши ортидан оммавий норозилик намойишлари бошланди. Саутгемптон шаҳрида юзлаб одамлар кўчага чиқиб, адолат талаб қилди. Айрим жойларда намойишларнинг тартибсизликларга айланиши натижасида полиция билан тўқнашувлар юз берди.
Намойишчилар “Ҳенри, Ҳенри” дея ҳайқириб, турли буюмларни полиция томон улоқтирган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари вазиятни назорат қилиш учун қўшимча кучларни жалб этди. Британия Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд зўравонликни қабул қилиб бўлмас ҳолат деб баҳолади.
Тергов маълумотларига кўра, Ҳенри Новак ўтган йил декабрь ойида уйига қайтаётган вақтида пичоқланган. Суд 23 ёшли Викрум Дигванини қотилликда айбдор деб топиб, уни камида 21 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Айбланувчи ҳодисадан кейин полицияга ўзини ирқий ҳужум қурбони сифатида кўрсатишга уринган.
Ишнинг энг баҳсли жиҳатларидан бири полиция ҳаракатлари бўлди. Воқеа жойига етиб келган ходимлар оғир аҳволда ётган Новакни қўлга олган. Тасвирга тушиб қолган видеода йигит бир неча бор пичоқланганини ва нафас олиши қийинлашаётганини айтаётгани эшитилади.
Бу ҳолат жамоатчилик орасида кескин баҳсларга сабаб бўлди. Шунинг учун полиция ҳаракатлари бўйича алоҳида текширув бошланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз фаолиятини мустақил назорат идорасига топширган.
Мусулмон Зиё, ЎзА