Биргина илмга чанқоқ, ташаббускор ёш юзлаб тенгдошларини янги марраларга чорлай олади
Президент билан мулоқотдан сўнг...
Пулингизни бирор мулк ёки буюм сотиб олишга йўналтирсангиз натижасини ўша заҳоти кўрасиз. Фарзанднинг келажаги, унинг ўқиб-ўрганиши учун сарфланган пул эса ҳеч қачон бирданига самара бермаган. Қани дейилса, мана деб бўй кўрсатадиган ишларга харажат қилиш шуниси билан ёқимли.
Моддий рағбат ўз йўлига, лекин орамизда боласининг мактабда қандай ўқиётганига эътибор бермайдиганлар бор. Ундай тоифадагилар бу иш учун вақт ажратмайди. Вақт эса пул дегани. Сўзимиз бошидаёқ туғилган хулоса оддий, болани қизиқишлари бўйича йўналтириш, уни рағбатлантириш ҳам келажакка сармоянинг бир тури.
Қуйида давлат раҳбарининг ёшлар камолоти йўлида ҳам маънавий рағбат, ҳам иқтисодий қўллаб-қувватлаши уйғунлашган қарорлари ҳақида қисқача тўхталамиз.

Кўксарой қароргоҳида 14 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ёшлари билан мулоқоти бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг эртаси эгалари келажагига дахлдор жуда кўплаб аниқ режалар, лойиҳа ва таклифлар билдирилди. Бу учрашувда ташаббускор ва илмга чанқоқ ёшларнинг юрагига олов ташланди дейиш мумкин.
Президент ўша мулоқотда ёшлар тадбиркорлигида мутлақо янги даврни бошлаб берадиган учта муҳим ҳужжатга имзо чекканини эълон қилди.
Дастлабки ҳужжатга кўра, Ёшлар агентлиги ҳузурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага эса юз миллион доллар маблағ ажратилди.
Бу нимани англатади? Энди тадбиркор ёшларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилади. Ёшларнинг стартап лойиҳаларига эса 2 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.
Навбатдаги қарор ҳақида гапиришдан олдин бир статистикани келтириб ўтиш лозим. Бугунги кунда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини тугатаётган 90 минг нафар ёш мутахассислиги бўйича иш топишда қийналмоқда. Бу оддий рақам эмаслиги эса олдимизга ушбу масалани ҳал қилиш чораларини кўриш талаби муҳимлигини яна бир бор англатади.
Иккинчи қарор билан олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим яратилмоқда. Бунинг учун эса Миллий банкка 100 миллион доллар ресурс берилади. Банк эса масъул вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда битирувчиларнинг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича хизматлар пакетларини жорий этади.
Маблағни йўналтириш билан иш якунига етмайди. Битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия тузилади. Комиссия эса иш ўринларини яратиш, кадрларга эҳтиёж, бўш ўринларга ёшларни жойлаштириш масалаларини ҳал этади. Хуллас, барчаси маълум тизимда кетади.
– Давлатимиз раҳбари имзолаган учинчи ҳужжатга кўра, банкимиз ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч банкка айлантирилади, – дейди “Алоқабанк” бошқаруви раиси Каммуна Ирисбекова. – Энди биз “ёшлар банки”га айландик. Бунинг учун 200 миллион доллар ажратилди. Ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача етти йил муддатга имтиёзли микроқарз ажратилади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор бўлган, камида 20 нафар ёшни ишга олиб, кичик корхона очган ва ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга етти йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Бу йўналишдаги кредитларининг камида ўттиз фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилади. Бу маблағларни мақсадли йўналтириш, кутилган натижани олиш жуда муҳим. Рости, шу масъулият ҳисси бошида бироз ўйлантиргандай бўлди. Лекин ёшларимизнинг давлатимиз раҳбари билан мулоқотдаги шижоати, истиқболли режалари кишини тўлқинлантириб юборди. Президентимиз қўйган вазифа ва топшириқлар ижросини бу ғайратли ўғил-қизлар билан аъло даражада бажаришга кўзимиз етади.
Энди ҳудудларда “ёшлар бизнес инкубатори” ташкил қилинади. Бунда ғоялар стартапга айлантирилади. “Алоқа венчур” жамғармаси орқали эса стартапларга 50 мингдан 1 миллион долларгача сармоя киритилади. Маҳсулот ва хизматларни ички ва халқаро бозорларда сотиш, бизнес ҳамкор топиш, қўшимча инвестициялар жалб қилишга кўмаклашилади.
Бу уч ҳужжат қанчадан-қанча ёшларимизнинг порлоқ келажагини кафолатлайди. Мулоқот эса жамиятда изланувчан, ташаббускор ўғил-қизлар сонини янада орттиришга хизмат қилади.
Қовуннинг қовундан ранг олишини ёши улуғларимиз кўп эслашади. Ҳамсуҳбатларинг кимлигини билай, сенинг қандайлигингни айтаман дейдилар. Халқ донишманд, эл ҳамиша билиб айтган.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири