Биргаликда янги ҳаёт ва янги келажак яратамиз
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, бу йил жонажон Ватанимиз истиқлолининг шонли ўттиз беш йиллиги мамлакатимизда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида кенг тантана қилинмоқда. Байрам тадбирлари олис қишлоқ ва маҳаллаларгача кўчиб, ўтган давр мобайнида давлатимизнинг халқаро майдонда ўз муносиб ўрнини топгани, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечираётгани жонли мисолларда ифода этилмоқда.
Байрам арафасида вилоятда юзлаб янги бино ва иншоотлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, 1,83 триллион сўмлик 10 та йирик объект давлатимиз раҳбари иштирокидаги маросимда тантанали очилди.
Вилоятнинг асосий байрам тантанаси Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида ўтказилди.
Бу ерда вилоят фаоллари, турли соҳалар вакиллари, нуронийлар ва ёшлар жам бўлди.
Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев тантана иштирокчилари ва уларнинг тимсолида бутун вилоят аҳлини Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан табриклади.

– 35 йил – тарих учун қисқа бир давр, аммо халқимиз ҳаётида бу йиллар улкан ўзгаришлар, изланишлар ва тараққиёт даври бўлди, – деди А.Бобоев. – Янги Ўзбекистон ғояси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг натижаси шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида, одамларнинг ҳаётида намоён бўлмоқда. Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, биргина жорий йилнинг дастлабки олти ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 67,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 109,7 фоиз ўсишга эришилди. Саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида ҳам юқори натижалар қайд этилмоқда. Йил бошидан буён 420 та янги саноат корхонаси ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 7636 тага етди. Ушбу корхоналар томонидан 32 триллион 655 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 407,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. 1 миллиард 301,5 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 384 та лойиҳа ишга туширилди ва 5017 та янги иш ўрни яратилди.


Иқтисодиётдаги барқарор ўсиш ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, халқимиз турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу йил вилоятда 139 та мактаб, 66 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та олий таълим даргоҳи, 2 та спорт иншооти ва юздан зиёд бошқа ижтимоий объектлар барпо этилди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида соҳага 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилди, 22 та янги тиббиёт муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида туман ва шаҳарларда 12 мингдан ортиқ оилага мўлжалланган 200 та турар жой биноси барпо этилмоқда. Шу пайтгача 3200 хонадонли 50 дан ортиқ кўп қаватли уй ўз эгаларига топширилди.
[gallery-31166]
Президентимиз ташаббуси билан буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуаси янгидан бунёд этилиб, замонавий зиёрат ва туризм мажмуасига айлантирилди. Мажмуа атрофида 1200 ўринли 24 та меҳмонхона ташкил этилди. Айни пайтда бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари Имом Мотуридий мажмуасида амалга оширилмоқда.

Бу каби ишлар натижасида Самарқанд Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланмоқда. Йил бошидан буён вилоятга 70 дан ортиқ турли даражадаги делегациялар ташриф буюрди, 44 та халқаро тадбир ташкил этилди. Бугунги кунда Самарқанд яна кўплаб халқаро форум ва мусобақалар, нуфузли анжуманларга тайёрланмоқда. Йилнинг ўтган даврида вилоятга 4,3 миллион хорижлик, 5,4 миллион маҳаллий сайёҳ келди.
Байрам тантанасида пойтахтдан келган ва самарқандлик санъат усталари ҳамда ёш ижрочилар иштирокида тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари