Тошкент вилоятида 2022 йил 22 та туман-шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали аҳолига 1 миллион 114 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Шунингдек, 221 минг 481 нафардан ортиқ фуқаро хизматлардан мустақил равишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали фойдаланди.
Энг кўп фойдаланилган давлат хизматлари болаларни мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш 130 минг 419 та, кадастр паспортини бериш 93 минг 332 та, Mobil-ID бўйича 66 минг 386 та, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш 61 минг 601 та, нафақа тайинлаш бўйича эса 34 минг 337 ни ташкил этди.
Энг кўп давлат хизматлари Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилди. Жумладан, мазкур ҳудудда 94 минг 319 та, Қибрай туманида 82 минг 79 та, Тошкент туман ДХМда эса 80 минг 886 та давлат хизматлари кўрсатилди.
– Ўтган йилда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 28 минг 434 тани ташкил этган бўлса, шундан 6 минг 517 таси юридик шахслардир, – дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси масъул ходими Мусажон Каримов. – Бундан ташқари, 11 минг 535 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. 9 минг 990 таси деҳқон хўжалиги, 392 та оилавий тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтди. Давлат рўйхатидан ўтган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 31 тани ташкил этди. Жорий йилда ҳам сайёр хизматлар кўрсатиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги режаларни белгилаб олдик.
Туман марказларидан узоқда жойлашган ҳудудларда ва аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, вилоятда Давлат хизматлари марказининг 8 та филиали ташкил этилган бўлиб, 2022 йил улар томонидан кўрсатилган хизматлар сони 23 мингдан зиёд. Олис, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида 82 минг 605 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
А.Мусаев, ЎзА