Бир томчи қон — беморга умид
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш марказида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида кенг қамровли донорлик хайрия акцияси ташкил этилди.
Инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ижтимоий масъулият ғояларини ўзида мужассам этган мазкур тадбир оғир хасталиклар билан курашаётган болаларга амалий кўмак кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Бугунги кунда қон ва унинг таркибий қисмларига эҳтиёж сезаётган беморлар, айниқса, болалар учун донорлик ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланади. Айрим ҳолларда биргина донор томонидан топширилган қон боланинг ҳаётини сақлаб қолиш, унинг соғайиш жараёнини тезлаштириш ва оиласига умид бағишлашда муҳим омилга айланади. Шу маънода мазкур акция нафақат хайрия тадбири, балки инсон ҳаётига дахлдор эзгу ташаббус сифатида катта аҳамият касб этди.
Тадбирда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, тиббиёт ходимлари, ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия вакиллари ҳамда кўнгилли фуқаролар фаол иштирок этди. Шунингдек, акция вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам уюшқоқлик билан ташкил қилиниб, унга мингдан ортиқ кўнгилли фуқаро жалб этилди.
Акция давомида йиғилган қон захиралари оғир касалликлар билан даволанаётган, мураккаб жарроҳлик амалиётларини бошдан кечираётган ва мунтазам қон қуйишга муҳтож бўлган болаларнинг саломатлигини тиклашга хизмат қилади. Бу эса юзлаб оилалар учун тасалли ва ишонч манбаи бўлиб хизмат қилади.
[gallery-29751]
Мутахассислар таъкидлашича, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан ортиқ ва ўзини соғлом ҳис этган ҳар бир фуқаро донор бўлиши мумкин. Инсон организмида ўртача 4,5–5 литр қон мавжуд бўлиб, илмий тадқиқотлар 500 миллилитргача қон топшириш инсон саломатлиги учун хавфсиз эканлигини тасдиқлаган. Амалда эса донорлик жараёнида одатда 350–400 миллилитр атрофида қон олинади.
Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва ёшларнинг фаол иштироки жамиятимизда инсонпарварлик, бағрикенглик ва фуқаролик масъулияти каби юксак қадриятлар мустаҳкам қарор топаётганининг ёрқин намунаси бўлди. Улар томонидан кўрсатилган ташаббус ва фидойилик бошқалар учун ҳам ибрат вазифасини ўтади.
“Бор меҳримиз сенга, болажон” донорлик хайрия акцияси нафақат қон захираларини тўлдириш, балки жамиятда меҳр-шафқат, саховат ва инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Энг муҳими, бу хайрли ташаббус оғир хасталик билан курашаётган болаларга ҳаётга бўлган ишончни, уларнинг ота-оналарига эса янги умид ва куч бағишлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари