Президентнинг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларни кенг тарғиб қилиш мақсадида Бекобод туманида Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ, Бекобод тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ҳамкорлигида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Семинарда иштирокчиларга сув тежайдиган суғориш технологияларини битта суғориш тармоғига боғланган майдонларда жорий қилишда “бир канал – бир тизим” тамойили асосида жойлаштирилишини таъминлаш атрофлича тушунтирилди. Суғориш тармоқларида сув ўлчаш воситаларини қуриш ва фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди. Сувнинг аниқ ҳисобини юритиш борасида давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятларни кенг тарғиб қилиш учун вазифалар белгиланди.
Семинарда республикамизда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишда давлат томонидан берилган имтиёзлар, сув ресурслари ва ундан фойдаланиш ҳолати, сув тежовчи суғориш технологияларининг афзал жиҳатлари, сув тежовчи технологияларнинг бутловчи қисмлари, улардан фойдаланиш тартиби, суғориш меъёри ва суғориш давомийлиги бўйича амалий кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг “Жўрабек Мўминжон Файз” фермер хўжалигининг 37 гектар ғўза майдонида жорий қилинган томчилатиб суғориш тизимининг ишлаши, суғоришга сарфланган сув миқдори, ғўзанинг биологик ҳосилдорлик кўрсаткичлари апробация қилиниб, кутилаётган ҳосилдорлик бўйича маълумот берилди.
А.Мусаев,ЎзА.