Бир гуруҳ журналистларга уюшмага аъзолик гувоҳномалари топширилди
Навоий шаҳридаги "Ёшлар медиа маркази"да Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилоят бўлими томонидан Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги байрами муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” бош ғояси асосида тадбир ташкил этилди.
Уюшманинг Навоий вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов олиб борган тадбирда фахрий журналист, уюшма аъзоси Иброҳим Жумаев, тажрибали тележурналист Ғулом Султонов ва бошқалар соҳа ривожи, “Устоз-шогирд” анъаналари асосида амалга оширилаётган ишлар, босма нашрлар ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшманинг вилоят бўлими фаолиятидаги ўзгаришлар, ОАВ вакилларига яратилаётган имкониятлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир доирасида бир гуруҳ навоийлик журналистларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 59 нафар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси фаолият кўрсатаётган бўлиб, байрам арафасида уларнинг сафи яна 9 тага кўпайди ва 68 нафарга етди.
Уюшма аъзоларининг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. 2021-2025 йиллар давомида ислоҳотларни аҳолига етказишдаги фаоллиги ва журналистика соҳасини ривожлантиришдаги муносиб хизматлари эътирофи сифатида навоийлик уюшма аъзоларидан бир нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист”,и, бир нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонларига, 5 нафари “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” ордени, 6 нафари эса “Шуҳрат” медали ҳамда бир нафар журналист “Соғлом турмуш” медалига сазовор бўлган. 3 нафари айни пайтда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутати сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Вилоят журналистлари орасида 10 нафардан ортиқ уюшма аъзолари эса “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндорлари ҳисобланади.
2026 йилда уюшма аъзоларидан вилоятимиз матбуотида узоқ йиллар самарали қалам тебратган шоира Салима Умарованинг Ватанимизнинг юксак мукофоти “Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланганлиги, қолаверса, айнан юртимиздаги соҳага оид энг нуфузли миллий мукофот – “Олтин қалам” халқаро Миллий мукофотига вилоят “Навоий телерадиоканали” радио гуруҳи мухбири Шаҳноза Маҳмудованинг лойиқ кўрилгани ўз билим ва салоҳияти билан ижтимоий жараёнлар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказаётган журналистлар меҳнатининг юксак эътирофидир.
– Ҳар қандай рағбат ва эътироф ижодкорга куч беради, илҳом бағишлайди, – дейди уюшма аъзолигига янги қабул қилинган журналист Гулчеҳра Бердиёрова. – Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси деган номни олишнинг ўзи масъулият. Табиийки, масъулият бор жойда тинимсиз меҳнат, сўзингиз, қаламингиз билан инсонлар қалбига кириб бориш вазифаси ётади. Босма нашрларда фаолият кўрсатаётган журналистдан бугунги давр кўпроқ таҳлилий ва мушоҳадали материаллар тайёрлашни тақозо этмоқда. Мен эътибордан куч олиб, келгусида ҳам долзарб мақолалар, материаллар тайёрлашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/31087]
Тадбир жараёнида истиқлол йилларида миллий адабиёт ва журналистика соҳаларида юзага келган янги имкониятлар, ижод аҳлининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари