8 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Тошкент вилоятида ҳам соғлигимиз посбонларини шарафлашга бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
8 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Тошкент вилоятида ҳам соғлигимиз посбонларини шарафлашга бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ўтказилган байрам тадбирида ҳам шифокорларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
“Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида кенг нишонланиб келинади. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида шарафли соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати ва бурчга садоқати ётади. Айниқса, коронавирус билан боғлиқ айни мураккаб вазиятда тиббиёт ходимлари халқимиз саломатлигини таъминлаш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари, туну кун эл ғамида меҳнат қилиши эвазига шифокорлик касби бугун ўзининг юксак мақомига эришди. Аҳолининг уларга ишончи, меҳри ва ҳурмати ортди. Ўз навбатида, тиббиёт тизими ходимлари ҳам изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас одимлаб бораётир.
Янгиланаётган Ўзбекистонда шифокорлик шарафли касбга айланди, соҳага давлат миқёсида катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа вакиллари меҳнатига билдирилган юксак ҳурмат ва эъзоз ифодасидир.
Тадбирда бугунги синовли кунларда касаллик ўчоғида эртаю кеч, жонини хавфга қўйиб хизмат қилаётган, касбига садоқат ва фидойилик билан ёндашиб, бошқаларга намуна бўлаётган вилоят тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдирилиб, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан бир гуруҳ тиббиёт ходимларига “Кўҳинур” ва “Умид Гулшани” санаторийсига бепул йўлланма берилди.
Тадбирда шунингдек, бир гуруҳ фидойи шифокорлар ташкилот ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.