Бильярд усталари Самарқандда жам бўлди
Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” халқаро туристик марказида бильярд спорт турининг динамик пирамида йўналиши бўйича жаҳон чемпионати бошланди.
Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган чемпионатда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Молдова ҳамда Беларусь мамлакатларидан 150 нафар спортчи маҳоратини кўрсатмоқда.
Мусобақа очилишида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон бильярд федерациялари масъуллари иштирок этиб, спортчиларга муваффақият тилади.
– Бильярд бўйича жаҳон чемпионатини мамлакатимизда ўтказишдан асосий мақсад ушбу спорт турини юртимизда янада ривожлантириш, маҳаллий спортчиларимиз учун халқаро тажриба майдони яратиш ва бу орқали туризм салоҳиятини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон бильярд федерацияси вице-президенти Сафоидин Садиров. – Чемпионат учун ҳар томонлама қулай бўлган кўҳна ва тарихий Самарқанд танланди. Мусобақага тайёргарлик жараёнида саралаш турнирлари орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаб олдик. Жумладан, терма жамоамиз таркибидан жаҳон миқёсида муносиб рақобат қила оладиган Жамолиддин Қўчқоров, Нодир Мирзаев, Зуҳриддин Ҳошимов каби маҳоратли спортчилар ўрин олди. Улар чемпионатда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади, деган умиддамиз.
[gallery-28920]
Мусобақа 26 апрелгача давом этади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари