Билимли ёшлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади
Баъзан бир учрашувнинг қиммати унда қатнашган одам сони билан эмас, иштирокчиларнинг қалбида янги мақсадлар уйғонгани билан ўлчанади. Жиззахда “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари билан ўтказилган мулоқотда ҳам ана шундай руҳ сезилди. Ёшлар савол берди, имкониятлар билан қизиқди, хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида ўқиш орзусини яна бир бор ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ҳудудларда ташкил этилаётган тарғибот-семинар ва учрашувларнинг моҳияти ҳам шунда – иқтидорли ёшларга мавжуд имкониятни шунчаки айтиб қўйиш эмас, балки унинг олдидаги йўлни аниқ кўрсатиш.
Жиззахдаги учрашувда университет талабалари, мактаб ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари битирувчилари, ёшлар етакчилари ҳамда давлат хизматчилари иштирок этди. Мулоқот давомида жамғарма стипендиялари, танлов шартлари, ҳужжат топшириш тартиби, хорижий тил билимига қўйиладиган талаблар ва чет элда таҳсил олиб қайтган ёшлар учун яратилаётган имкониятлар хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Учрашувда бир жиҳат, айниқса, эътиборни тортди. Залда ўтирган ёшларнинг ярмидан кўпида IELTS ва SAT каби халқаро сертификатлар бор эди.
Жамғарма масъул ходими Абдуазиз Кенжабоевнинг айтишича, ҳудудлардаги учрашувларда ёшларнинг тайёргарлик даражаси тобора ошиб бормоқда. Агар аввалги мулоқотларда халқаро сертификатларнинг аҳамияти кўпроқ тушунтирилган бўлса, бугун ёшларнинг ўзи бу талабларни яхши англаб, зарур ҳужжатларни қўлга киритиб келмоқда.
– Вилоят ёшларида хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиш, замонавий билим ва мутахассисликларни эгаллаб, юртимизга қайтиб ўз ҳиссасини қўшиш иштиёқи кучли. Буни ҳар бир учрашувимизда яққол сезяпмиз, – дейди у.
Бугун дунёда таълим учун рақобат фақат олий ўқув юртлари ўртасида эмас, билим ва имкониятлар учун интилаётган ёшлар ўртасида ҳам кечмоқда. Шу маънода “Эл-юрт умиди”нинг ҳудудларга чиқиб, имкониятларни бевосита ёшларга етказаётгани муҳим.
Самарқанд давлат университети магистратура битирувчиси, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи ёрдамчиси Раъно Норбекованинг учрашувдан кейинги таассуротлари бу фикрни янада тасдиқлади. У Буюк Британиядаги Глазго университетига қабул хати олган, аммо хорижда ўқиш ва бунинг учун зарур шартларни ҳал этиш ҳақида ўйлаб турган эди.
[gallery-31837]
– Бугунги учрашув менга янги куч ва катта рағбат берди. Энди “Эл-юрт умиди” жамғармасининг навбатдаги стипендия танловида албатта иштирок этишни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Бу мен учун нафақат хорижда таълим олиш, балки қайтиб келгач, орттирган билим ва тажрибаларимни юртимиз ёшлари билан улашиш имконияти ҳамдир, – дейди Раъно Норбекова.
Бу ниятда бугунги ёш авлоднинг яна бир муҳим фазилати кўринади: хорижга кетишнинг ўзи эмас, у ердан билим ва тажриба билан қайтиш, орттирилган салоҳиятни мамлакат тараққиётига йўналтириш мақсади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, бугун бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида хорижда таҳсил олиш, шунингдек, истиқболли мутахассисларни хорижда мақсадли стажировкага юбориш имкониятларини қўллаб-қувватламоқда. Очиқ стипендия танловидан муваффақиятли ўтган стипендиатларнинг ўқиш тўловлари, виза, тиббий суғурта, йўлкира, яшаш ва кундалик харажатлари белгиланган тартибда қопланади.
Бу тизимнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан янада такомиллаштирилди. Ҳужжатда жамғарма фаолиятини кенг тарғиб қилиш, стипендия танловлари ҳақида аҳолига, айниқса, ёшларга кенг маълумот бериш ҳамда хорижда таҳсил олган кадрларнинг салоҳиятидан мамлакат тараққиёти йўлида самарали фойдаланишга қаратилган вазифалар белгиланган.
Жиззахдаги мулоқот ана шу вазифаларнинг ҳаётдаги кўриниши сифатида ёшларнинг орзуси билан давлат имкониятини бир нуқтада уйғунлаштирди. Залдаги ҳар бир савол, қўлдаги ҳар бир сертификат, келажак ҳақидаги ҳар бир режа эса бир ҳақиқатни кўрсатди: дунёнинг энг нуфузли университетлари эшиклари билимли ёшлар учун ҳам очилмоқда.
Энг муҳими, бугун ўз олдига катта мақсад қўйган ёшлар эртага мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган билимли мутахассисларга айланади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари