Билимлар дунёсига хайрли қадам
Сентябрь ойининг илк кунлари юртимизнинг барча гўшаларида ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик билан кутиб олинмоқда. Айниқса, эрта тонгдан қўлларида ранг-баранг гуллар, кўзларида порлаган қувонч ва ҳаяжон билан мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган жажжи болажонларни кўриш қалбларга ўзгача завқ-шавқ, фахр ва умид туйғуларини бағишлайди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ тўйи билан уйғун ҳолда ўтаётган бу йилги Билимлар куни Янги Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги стратегик ислоҳотлари аҳамиятини яна бир бор ёрқин намоён этмоқда. Бу шунчаки байрам санаси эмас, балки эл-юртимизнинг ўтмишига назар ташлаб, келажакдаги улуғ мақсадларини белгилаб оладиган муҳим тарихий босқичдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Билимлар куни муносабати билан халқимизга, педагоглар жамоатчилиги ва азиз ёшларимизга йўллаган самимий табриги нафақат байрам қутлови, балки миллий таълим тизимидаги чуқур таркибий ўзгаришлар ва глобал мақсадларнинг мужассам ифодаси бўлди.
800 минг ниҳол: янги авлод ва янги умидлар
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, беғубор нигоҳларида ҳайрат ва ҳаяжон учқунлари порлаб, илм масканлари остонасига қадам қўяётган 800 минг нафарга яқин биринчи синф ўқувчилари юртимизнинг келажакдаги нурли истиқболидир. Бу рақам шунчаки статистика эмас, балки ҳар йили жамиятимизга кириб келаётган катта куч, ақлий салоҳият ва янги энергиядир.

Мактабга катта орзулар ва ўзгача ҳавас билан йўл олаётган ўғил-қизларимизнинг нигоҳидаги тоза ва беғубор интилишга қараб, қалбдан эзгу тилаклар ва дуолар ўтади: “Илоҳим, келажак сари ташлаётган ҳар бир қадамингиз хайрли ва баракали бўлсин! Билим чашмасидан сув ичиб, эл-юрт корига ярайдиган баркамол инсонлар бўлиб вояга етинг!”
Зотан, бу мурғак қалб эгалари – эл-юртимизнинг бебаҳо хазинаси, эртанги кунимизнинг ишончли давомчилари ва Мустақил Ўзбекистоннинг мустаҳкам таянчидир. Уларнинг мактаб томон ташлаган ҳар бир дадил қадамида халқимизнинг буюк келажакка бўлган умиди мужассам.
Таълимдаги туб бурилиш ва касбий келажак кафолати
Кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этмоқда. Замонавий IT ва рақамли кўникмалар, касбий ва ижодий иқтидорни эрта аниқлаш ҳамда хорижий тилларни пухта ўргатиш орқали ёшларнинг глобал майдонда рақобатбардошлиги таъминланмоқда. Президентимиз ана шундай замонавий муҳитда улғайиб, ўқиш, касбий таълим, рақамли технологиялар, спорт ва жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан барчани хурсанд қилаётган ўғил-қизларни ҳақли равишда юртимизнинг “олтин фонди” деб атаяпти.
Таълимга берилаётган эътибор – жамиятнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишининг мустаҳкам кафолатидир. Билимли ва тиришқоқ фарзандлар тимсолида Учинчи Ренессанс ниҳоллари шаклланади. Уларни азим дарахтларга ва давлат истиқболининг мустаҳкам устунларига айлантиришни устувор вазифа сифатида белгилаган Давлат раҳбари таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратилишини, мактаб бағридан катта ҳаётга йўлланма оладиган ҳар бир фарзанд пухта билим билан бирга, албатта камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаб чиқиши учун барча шароитлар яратилишини уқтирди.

Айнан шу мақсадда тизимга киритилаётган муҳим янгилик — ҳудудларда “Касблар шаҳарчалари” нинг ташкил этилиши замонавий тажриба ва илғор мутахассисларни бирлаштириб, ўқувчиларнинг мактаб давридаёқ талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни эгаллашларига, таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги узвийликнинг таъминланишига хизмат қилади.
Билим — нажот ва муваффақият калити
Президентимиз ўз табригида ёшларга қарата муҳим ҳаётий ҳақиқатни уқтирди: бахтли ва саодатли ҳаёт эшикларини очадиган калит ҳам, мураккаб саволларнинг ечими ва синовларни енгиб ўтишнинг бирдан-бир кафолати бу — билим, билим ва яна билимдир.

Бугунги жадал ўзгараётган даврда ёшликнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, замонавий илм-фан ва инновацияларни пухта эгаллаш, миллий ўзлик, она тилимиз ва бой тарихимизни чуқур ўрганиш ҳар бир ўғил-қизнинг муқаддас бурчидир. Аждодлардан мерос бўлиб келаётган бу табаррук заминни севиш, Ватанга садоқат билан яшаш, меҳрибон устозлар ва ота-оналарни энг яқин дўст ҳамда маслаҳатчи деб билиш – порлоқ истиқболнинг мустаҳкам кафолати ҳисобланади.
Янги ўқув йилининг бошланиши — мамлакат келажагига қўйилган навбатдаги мустаҳкам ғиштдир. Мустақиллигимизнинг қутлуғ тўйи билан ҳамнафас бошланган ушбу ўқув йили Ватанимиз тараққиёти, Учинчи Ренессанс пойдевори ва фарзандларимизнинг порлоқ истиқболи учун янги зафарлар йили бўлиб қолади.
Тинч ва осуда юртимизга, осмонимиз мусаффолигига ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Билимлар дунёсига қадам қўйган барча ўқувчиларга омад ва улкан зафарлар ёр бўлсин!
Алоуддин Ғаффоров, ЎзА