Билим чегара билмасагина жамият ривожланади
Биз бугун инсон қадри, шаъни улуғланаётган юртда яшаяпмиз. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев асарлари ва нутқларида илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсатининг бош мақсади сифатида эътироф этилади.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида эришилган ютуқлар тилга олинар экан, келгуси ўн йиллик Ўзбекистон учун миллий юксалиш даври бўлишини таъкидлади ва инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширилишини айтиб ўтди:
Бу 7 та миллий дастур мазмун-моҳияти билан халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, халқни рози қилишга қаратилганлиги билан катта аҳамиятга эга. Буларнинг барчаси келгусида миллий юксалиш учун дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз томонидан белгилаб берилган “Билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантириш” номли банди бугунги кунда Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларидан биридир. Маълумки, замонавий дунёда нефть, газ ва олтин каби табиий бойликлар эмас, балки инсон капитали, яъни билимли, юқори малакали ва креатив фикрлайдиган кадрлар давлатнинг рақобатбардошлигини белгилаб бермоқда.
Таълим тизимини модернизация қилган ҳолда болаларга ёшлигиданоқ мустақил фикрлаш, мантиқ ва креативликни ривожлантиришга, ОТМларни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, халқаро стандартларга мослаштириш, илмий изланишларни тижоратлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш устувор вазифалар қилиб белгиланган.
Шунингдек, рақамли саводхонлик, тил билиш ва мослашувчанлик каби замонавий кўникмаларни шакллантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда Ўзбекистонда бу соҳада сезиларли натижаларга эришилди, десак муболаға бўлмайди.
Тез ўзгараётган дунёда ҳар бир фуқаро мактаб ва университетда олган билими билан чекланиб қолмай, мунтазам равишда ўз малакасини ошириб борсагина меҳнат бозоридан ўз ўрни ва қадрини топади. Зеро, билимга киритилган инвестиция – энг юқори фойда келтирадиган инвестициядир. Билимли ва юқори малакали инсонларга эга жамиятгина кучли иқтисодиёт ва фаровон келажакни қура олади.
Улуғбек Абдуллаев,
Андижон давлат техника институти профессори, тарих фанлари доктори.