Бейҳан Шан: "Ўзбекистонга бормасдан туриб, туркийлар тарихини тўлиқ англаш қийин"
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик таълим, илм-фан ҳамда маданият соҳаларидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Икки мамлакат олийгоҳлари ўртасидаги ҳамкорлик, илмий тажриба алмашинуви ва қўшма тадқиқотлар умумий тарихий меросимизни чуқур ўрганиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Айниқса, Туркияда Ўзбекистоннинг бой тарихи, қадимий шаҳарлари ва буюк алломалари меросига қизиқиш жуда юқори.
Ҳозирда Тошкент давлат шарқшунослик университетида илмий изланиш олиб бораётган туркиялик тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Бейҳан Шан Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва унга бўлган қизиқиш ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Ўзбекистонга қизиқишим анчадан буён бор, – дейди Бейҳан Шан. – Чунки ўзим тарихчиман. Университетда таҳсил олган кезларимда устозларимиз “Ўзбекистонга бормасдан туриб, туркийлар тарихини тўлиқ билиш мумкин эмас”, деб кўп таъкидлашарди. Бу гаплар менда мамлакатингизга бўлган қизиқишни янада кучайтирган.
Олима Туркиянинг таниқли тарихчиси, профессор Илбер Ортайлининг Ўзбекистон ҳақидаги фикрларини ҳам ёдга олди.
– Илбер Ортайли ёшларга дунё кезишни, турли халқлар тарихи ва маданиятини ўрганишни тавсия қилади. Унинг “Агар ҳаётингизда фақат битта шаҳарга бориш имкониятингиз бўлса, ўша шаҳар Самарқанд бўлсин”, деган сўзлари менга қаттиқ таъсир қилган. Шундан ҳам тарихчилар учун Ўзбекистон қанчалик муҳим эканини билса бўлади.
Унинг таъкидлашича, туркиялик тарихчиларнинг юртимизга қизиқиши аввалдан юқори бўлган. Сўнгги йилларда эса мамлакатга келаётган олимлар сони янада кўпайган.
– Илгари Ўзбекистонга сафар қилиш қийин ва қиммат эди. Ҳозир икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожланиши натижасида сафарлар анча қулай ва арзонлашди. Бу эса тарихчиларга Ўзбекистоннинг бой меросини бевосита ўрганиш учун кенг имконият яратмоқда.
Ўзбекистонда бўлиб, унинг тарихий шаҳарларини ўз кўзи билан кўрган олимга Туркиядаги ҳамкасбларим ўзгача ҳурмат билан қарашади. Мен ҳам илк бор бу ерга келганимда Бухоро, Самарқанд ва Хоразм сафари таассуротларини устозларим, ҳамкасбларим ва талабаларим билан ўртоқлашганман. Улар ҳикояларимни катта қизиқиш ва диққат билан тинглашган. Ҳозир ҳам телефон орқали суҳбатлашганимизда “Бизга ҳам Ўзбекистонга бориш насиб қилсин”, деб қўйишади. Бу Ўзбекистоннинг тарихий меросига Туркияда қизиқиш нақадар катта эканини кўрсатади, – дейди олима.
ЎзА мухбири
Дилшод ҲАКИМОВ
суҳбатлашди.