Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги “Беруний” МФЙ мисолида мазкур ташаббуснинг намунавий лойиҳаларини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган медиа-тур давомида Қуйи Чирчиқ туманидаги Беруний маҳалласидаги бунёдкорлик ишлари кўрсатилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган бешта ташаббусга кўра, ёшларни муносиб равишда камолга етказиш, уларни маданият ва санъатга, жисмоний тарбия ва спортга, компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишларига имкониятлар яратиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ҳар бир ҳудудга турли мавзулардаги китоблар етказиб бериш, аёлларни иш билан банд қилиш каби саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
Жумладан, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги “Беруний” МФЙ мисолида мазкур ташаббуснинг намунавий лойиҳаларини кўриш мумкин.
Хусусан, бир неча йиллар қаровсиз ва таъмиртаълаб ҳолатда ётган Беруний маданият маркази бугун Маданият вазирлиги томонидан 6,5 миллиард сўм маблағ эвазига тўлиқ реконструкция қилинди.

- Ҳозир бу ерда рақс, тасвирий санъат, вакал ва хўр тўгараклари очилган бўлиб, уларга 200дан ортиқ ўғил-қизлар жалб этилган, - дейди .Қуйи Чирчиқ тумани маданият бўлими бошлиғи Шерзод Жалолов. - Бундан ташқари, “Dongdi" корейс маданият маркази ҳам фаолият юритади. Мазкур қулайликлардан ҳудуд аҳолиси мамнун. Авваллари бундай шароитлар йўқ эди. Ҳозир ушбу маданият марказида барча тадбирлар, концерт дастурларини ўтказиш ва аҳоли, айниқса, ёшлар иштирокини таъминлашга имкон мавжуд.
Мазкур бинога ёндош ҳудудда Ёшлар инновацион маркази, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ихтиёридаги “Меҳнат гузари” ташкил қилинган. Кутубхона, компьютер хизмати, ўқув маркази, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, тиббий хизмат кўрсатиш каби йўналишларда ёшлар шуғуллантирилган.
Маҳаллада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳомийлигида 4,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига 15-сонли мактабгача таълим муассасаси, 48, 52-умумтаълим мактабларининг мукаммал таъмирлаш, пардозлаш ишлари амалга оирилди. Айниқса, мактабнинг катта футбол майдони, ўриндиқлари янгиланиб, болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур жиҳозлар келтирилган. Шу тариқа спорт тўгаракларига энг тажрибали ўқитувчилар жалб этилди. Таълим муассасасида Рақамли технологиялар ўқув маркази ҳам ташкил этилган.

Ҳудуд ёшлари ва аёллари бандлигини таъминлаш мақсадида, “Узпахтасаноат” АЖ томонидан тикувчилик-трикотаж мажмуаси ўз фаолиятини бошлаган. Шунингдек, ҳудудда сендвич панел типидаги оёқ кийим ишлаб чиқариш цехининг ишга туширилиши шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, уларга қулайликлар яратиш учун 40 дан ортиқ оилаларнинг хонадонлари таъмирлаб берилди. Тоза ичимлик сувидан фойдаланишлари учун янги тармоқ қувурлари ётқизилди. Маҳалла маркази йўли бўйлаб ёритиш таянч устунлари ўрнатилди.
Умуман олганда 5та ташаббус доирасида вилоятда кўплаб ишлар қилинди, барчаси ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, замонавий, илғор-инновацион технологиялардан фойдаланишлари ҳамда аёллар бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Медиа-тур давомида журналистлар ҳудуд аҳолиси, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ва ёшлар билан суҳбатлашди.



