Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб босқичга кўтарилган. Давлат-хусусий шериклик механизми нафақат болалар учун таълим-тарбия йўлини кенгайтирмоқда, балки ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ва аҳолининг аҳамиятли кисми бандлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда мактабгача таълим соҳасида нодавлат секторини ривожлантиришнинг замонавий механизмлари, хусусан давлат-хусусий шерикликнинг 10 дан ортиқ янги шакли жорий этилган.

Маълумотларга кўра, ўтган 2018-2023 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 147 минг 317 қувватга эга нодавлат боғчаларни ташкил этиш учун 3,7 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 1 минг 657 нафар тадбиркор билан битимлар имзоланган. Шундан, 1 минг 397 та лойиҳада қурилиш ишлари якунланган бўлиб, 128 минг 617 қувватга эга нодавлат боғчалари ўз фаолиятини бошлаган.
Айниқса, қамров даражаси паст ҳудудларда оилавий мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти жадал йўлга қўйилаётгани қувонарли ҳол. 2018-2023 йилларда республикада 26 минг 528 та оилавий боғча ташкил этилган бўлиб, қўшимча 713 минг 996 та қувват яратилган.
Бу йўналишда ташкил этилган боғчаларнинг эътиборга молик ижтимоий аҳамияти шундаки, кўплаб турмуш шароитлари оғир оилаларнинг фарзандлари мактабгача таълим олиш имкониятига сазовор бўлди. Яъни, давлат-хусусий шериклик асосида фаолиятини бошлаган боғчаларга қамраб олинган болалардан 462 минг 612 нафари (56%) ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари ҳисобланади.
2023 йилда давлат-хусусий шериклик йўналишида жами 4 минг 720 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаси ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, жами 140 минг 728 та янги ўрин, 13 минг 170 та янги ишчи ўрни яратилган. Шундан 4 минг 643 та оилавий мактабгача таълим ташкилотида янги 130 минг 263 та бола ўрни, 1 минг 701 та янги ишчи ўрни шаклланган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА