Бемор болажонларга соғлом ҳаёт улашилмоқда
Хоразм вилоятида “Болаларни қўллаб-қувватлаш” жамоат фонди ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун навбатдаги хайрия тиббий акцияси бошланди.
Мазкур акция доирасида Туркиядан ташриф буюрган юқори малакали икки нафар мутахассис, пластик жарроҳ ва умумий жарроҳ иштирокида мураккаб оператив амалиётлар ўтказилмоқда.
– Болажонларда лаб соҳасидаги мураккаб жарроҳликларни шу ерлик шифокорлар билан бирга амалга оширмоқдамиз, – дейди туркиялик пластик жарроҳ Меҳмет Бўзкурт. – Барча амалиётларимиз муваффаққиятли ўтказилмоқда. Ўйлайманки бу орқали бир неча болажон ва уларнинг оиласига қувонч улашамиз. Ўзбекистондаги шундай хайрли ишда иштирок этаётганимдан хурсандман.
Таъкидлаш жоизки, ушбу амалиётларга тайёргарлик бир ой аввал бошланган эди. Хоразм вилоятида туркиялик шифокорлар томонидан 300 нафардан ортиқ бемор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий хулосалар асосида мураккаб операцияга эҳтиёжи бор беморлар саралаб олинди.
Ана шу сараланган 50 нафардан ортиқ болада мураккаб жарроҳлик амалиётлари айнан Хоразмнинг ўзида, “Болаларни қўллаб-қувватлаш” жамоат фонди ҳомийлигида мутлақо бепул амалга оширилади.
– Бу мураккаб жарроҳлик амалиётлари маҳаллий шифокорлар учун ҳам малака ошириш дарсларини ўтамоқда, – дейди хоразмлик шифокор Неъмат Хўжабоев. – Бизда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун барча имкониятлар мавжуд. Эндиликда туркиялик ҳамкасбларимизнинг тажрибасини ўрганиб, улар кетганидан сўнг ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўзимизнинг шифокорлар давом эттиради.
Ушбу лойиҳа Фонд томонидан изчил давом эттириб келинаётган эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Хусусан, туркиялик шифокорларнинг Ўзбекистонга ташрифи Фонд томонидан 8-бор ташкил этилмоқда. Бунгача бу каби хайрия тиббий акциялари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Фарғона вилоятларида муваффақиятли ўтказилиб, юзлаб болаларнинг соғлиғини тиклашга хизмат қилган.
– Президентимиздан миннатдорман. Бошим ерга теккунича таъзим қиламан, – дейди Қувонбека Эгамбердиева. – Неварамнинг лаб соҳасидаги камчиликларини бир амалиётда тузатиб беришди. Унинг чеҳраси, табассуми, ҳаётга, ўзига бўлган ишончи ўзгарди. Энди ҳеч кимдан тортинмайди, уялмайди. Жуда хурсанд. Ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган барча яхши инсонларга минг раҳмат.
[gallery-29526]
Энг муҳими, ушбу беморларнинг барчаси ижтимоий ҳимояга муҳтож, олис ҳудудларда яшовчи, даволаниш имконияти чекланган оилалар фарзандлари ҳисобланади. Мазкур ташаббус орқали нафақат малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, балки оилаларнинг йиллар давомида ечилмай келган муаммоларига амалий ечим тақдим этилмоқда.
“Болаларни қўллаб-қувватлаш” жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган бундай инсонпарвар ташаббуслар мамлакатимизда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳар бир боланинг соғлом келажагини таъминлашга қаратилган эзгу ишларнинг ёрқин ифодасидир.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбири