"БелТА": Беларусда 900 гектардан ортиқ ўрмонзор қайта тикланади
Беларусь Республикасида “Ўрмонга янги жой бер!” умуммиллий акцияси доирасида 900 гектардан ортиқ майдонда ўрмонларни қайта тиклаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз – “БЕЛТА” хабар берди.
Мамлакат ўрмон хўжалиги вазирининг маълум қилишича, акцияда камида 100 минг нафар кўнгилли иштирок этиши кутилмоқда. Ташаббус доирасида 800 га яқин ҳудудда 4 миллион тупдан ортиқ турли дарахт кўчатлари экилади.
Асосий эътибор кучли шамол оқибатида зарар кўрган ўрмонзорларни тиклашга қаратилади. Жорий йилда ўлкада табиий офатлар туфайли 18 минг гектардан ортиқ ўрмон майдони зарарланган.
Акция Минск вилоятидаги Колодишчанский ўрмон хўжалиги ҳудудида бошланган. Бу ерда кучли шамолдан зарар кўрган майдонларда янги кўчатлар экиш ишлари олиб борилмоқда.
Ташкилотчилар таъкидлашича, ташаббус нафақат ўрмон ресурсларини тиклаш, балки аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
А.Маматов, ЎзА