Белбоғли кураш: ғолиблар Мўйноқда аниқланди
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган мусобақада Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан 300 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Жумладан, ўғил болалар 13 та ва қизлар 9 та вазн тоифасида чемпионлик учун баҳслашди.

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Андижон жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Наманган вилояти жамоаси эгаллаган бўлса, Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон жамоаси учинчи ўринга муносиб деб топилди.

Чемпионат якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мусобақа ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда белбоғли кураш анъаналарини янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири