Мамлакатимизда мураккаб жарроҳлик амалиётларига муҳтож беморларни давлат ҳисобидан бепул операция қилиш, уларнинг саломатлигини тиклаш ва сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини беряпти. Муҳими, ушбу жараёнга тажрибали мутахассислар ва шифокорлар ҳам жалб этилмоқда.
Хусусан, Бекобод туманида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан туғма юрак нуқсони мавжуд бўлган болаларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш бўйича акция ташкил этилди.


Куни кеча 4 нафар юрагида туғма нуқсони бор болаларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 3 нафарида ёпиқ, 1 нафарида эса очиқ усулда юракдаги туғма нуқсон тўлиқ бартараф этилди. Бу хайрли иш Болалар миллий тиббиёт марказининг юқори малакали шифокорлари билан ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги муассасалари ходимлари ҳамкорлигида қилинди.
Дастлаб, ҳудуддаги камбағаллик реестрида турган, туғма юрак нуқсони бор 32 нафар бола тўлиқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, 8 нафарини Болалар миллий марказида ва 6 нафарини эса туманнинг ўзида жарроҳлик амалиёти ўтказиш режалаштирилди.


Энди беморлар пойтахтга бормасдан ҳам Бекободнинг ўзида шифо топишмоқда. Таъкидлаш лозимки, сал аввал Бекобод туманида катталар ўртасида эҳтиёжманд фуқаролар учун юқори технологияли “Аорта коронар шунтлаш” операцияси ҳам муваффақиятли ўтказилган эди.
Тумандаги Гулзор маҳалласида яшовчи Навбаҳор Қудратованинг кенжа ўғли ҳозир икки ёшда. Афсуски у уч ойлигида ўтказилган тиббий текширувларда юрагида тешиги борлиги аниқланган эди. Шундан буён болада муттасил аҳволи ёмонлашаверган. Оила катталари болани бу аҳволи оғирлашганини билиб туман аввал вилоят шифокорларига кейин пойтахтга даволагани олиб борган. Акция доирасида бу аёлнинг ўғли юрагида ҳам ёпиқ тиббий амалиёт ўтказилди. Тез фурсатда жараёнлар ижобий тарзда якунланди.


– Бу турдаги тиббий амалиётлар илгари фақат хориж давлатларида қилинган. Шу туфайли беморлари бор оилалар катта маблағ сарфлаб бўлса ҳам чет элдаги мутахассисларга мурожаат қилишга мажбур бўлар эди. Йил сайин тиббиётдаги ривожланишлар натижасида нафақат республика даражасида, балки вилоят ва туманларда ҳам аҳолига қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, Бекобод туманида ҳам зарур тиббий шароитлар қилиниб, очиқ ва ёпиқ турдаги операциялар ўтказилмоқда. Эътиборлиси бу жараёнлар мамлакатимиз миқёсида биринчи марта ташкил қилиняпти. Энди бемор болаларга қисқа муддатда ёрдам бериб, уларни соғайиб кетишига ҳисса қўшяпмиз, – дейди Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров.
Масъулларнинг таъкидлашича, келгусида Бекобод тумани бошқа ёндош туман-шаҳарлар учун кардиохирургия соҳаси бўйича тиббий хизмат кўрсатувчи марказ бўлади. Бундан ташқари, қўшни Тожикистон давлатидан келган беморларга ҳам тиббий хизмат кўрсатилади.


<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/Noi7KCSh8fU?si=iHJUNO23AIVAaJJp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, ЎзА