25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни. Мазкур сана юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, соҳа ходимлари халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларга қарши курашиш борасида изчил фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев департамент соҳавий хизматлари томонидан қилинаётган ишлар, эришилаётган натижалар ҳақида гапириб берди:
– Жорий йилнинг 9 ойи давомида Департаментнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан криминоген вазияти оғир бўлган “қизил” маҳаллалар сонини 613 тага туширишга эришилди. 2024 йилнинг 9 ойида уларнинг сони 1 минг 108 тани ташкил қилган.
Бу аҳоли ичига кириб, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш тамойили бераётган самаралардан. Масалан, профилактика инспекторлари томонидан маҳалла еттилигига берилган хулосалар асосида 571 минг 420 нафар шахснинг ижтимоий муаммолари ижобий ҳал этилди.
Ички ишлар органлари раҳбарларига 17 минг 689 нафар алоҳида ишлаш талаб этиладиган “оғир” тоифадаги ёшлар бириктириб берилиб, улар билан раҳбарларнинг индивидуал ишлаши натижасида уларни қийнаб келаётган 6 минг 98 муаммо (83 фоизи) ижобий ҳал этилди.
Хусусан, 847 нафари ишга жойлаштирилди, 233 нафарига тадбиркорлик учун кредит ажратилди. 52 нафарига ҳарбий хизматга бориш учун шартнома пулига ҳужжатлар расмийлаштирилди, 179 нафарига моддий ёрдам, 70 нафарига субсидия ва 150 нафарига ер ажратилди.
107 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилди, 288 нафари касб-ҳунарга ва 98 нафари фан ва чет тилларга ўқитилмоқда.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида ҳам бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, профилактик ҳисобда турган хотин-қизларнинг 4 минг 788 нафарига ишга жойлашишида кўмаклашилди. 5 минг 234 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди. 1 минг 271 нафари даволашга муҳтожлиги аниқланиб, тиббий диспансерларга юборилди. 1 минг 157 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди, 409 нафари таълим муассасаларига қайтарилди, 1 минг 605 нафарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайта тиклашга амалий ёрдам кўрсатилди.
Қийин вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга тезкорлик билан зарурий ёрдам кўрсатиш учун тизимда қисқа “1259” ва “1286” рақамли “ишонч маркази” ташкил этилиб, 3 минг 588 нафар аёлга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан содир этилган жиноят, зўравонликларнинг зудлик билан олдини олиш учун “E-himoya” мобил ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда ишсизлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган 7 минг 680 нафар шахс ишга жойлаштирилди.
Жамоат тартибини сақлаш хизматининг пост-патруль хизмати инспекторлари томонидан жамоат жойларида тун-у кун хизмат ташкил этилиши натижасида 6 минг 164 сиёсий, 12 минг 204 оммавий-маданий, 9 минг 955 спорт тадбирларида жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги муваффақиятли таъминланди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури амалга оширилмоқда. Жорий йил 9 ой якунигача 21 минг 266 йўл белгилари ўрнатилди. 9 минг 262 эскирган йўл белгилари янгисига алмаштирилди, 3 минг км2 дан зиёд йўл ётиқ чизиқлари чизилди. 375 та светофор қурилмалари ўрнатилди ҳамда реконструкция қилинди, 64 жойда пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилиб, эскилари янгиланди.
Пробация бошқармаси томонидан пробация ҳисобида турган назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш бўйича 3 минг 195 маротаба “Ишга марҳамат” тадбирлари ташкил этилиб, 11 минг 818 нафар шахс ишга жойлаштирилди.
Муайян касбга эга бўлмаган 7 минг нафардан ортиқ шахснинг барчаси касбий ўқишга юборилиб, уларнинг 6 минг 714 нафари ҳунарга эга бўлди.
2020 йилда жамоат хавфсизлиги бўлинмаларида атиги битта ахборот тизими мавжуд эди.
Бугун уларнинг сони 71 тага етказилди ва ягона “E-жамоат хавфсизлиги” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига бирлаштирилди.
Департаментда 67 ахборот тизими ва модуллари ишлаб чиқилган бўлиб, улардан 57 таси якунланиб фойдаланишга топширилган.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ходимларининг кун-у тун халқ фаровонлиги ва Ватан осойишталиги йўлида хизмат қилиши натижасида эришилаётган натижалар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Хусусан, Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Тартиб ва хавфсизлик (Order and Security) индикатори бўйича Ўзбекистон дунёнинг 142 мамлакатлари орасида 17-ўринни эгаллаб келмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА