Маҳаллабай ишлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида ҳоким ёрдамчилари институти ташкил этилиб, ҳудудлардаги муаммоли масалаларни ечишда фаол иштирок этиши таъминланган эди.
Хўш, бугун жойлардаги муаммоларни тизимли бартараф этиш, ишларни янада уюшқоқлик билан ташкил қилишда ҳоким ёрдамчилари қандай фаоллик кўрсатяпти?
Пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида муносиб меҳнатни илгари суриш” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 2 миллион 200 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминлангани таъкидланди.
– Мамлакатимизда камбағалликни камайтириш ва бандликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим – ҳоким ёрдамчилари институти ташкил этилди, – деди камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев. – Ҳозирда республикадаги мавжуд маҳаллаларда 10 минг нафарга яқин ҳоким ёрдамчилари фаолият юритиб, улар тадбиркорликни ривожлантириш бўйича хизмат кўрсатмоқда. Ҳоким ёрдамчилари орқали субсидиялар ажратиш, иш билан таъминлаш, касбий тайёргарликка жалб қилиш ва бизнес юритиш кўникмалари орқали қарийб 2,2 миллион кишининг бандлиги таъминланди.
Қайд этилишича, бугунги кунда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,3 миллиони ишсиз қолмоқда.
Шунингдек, тақдим этилган маълумотларга кўра, айни пайтда республика бўйлаб фаолият кўрсатаётган 26 та “Ишга марҳамат” мономаркази, 53 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 539 та касб-ҳунар маркази, маҳаллалардаги ўқув марказлари орқали меҳнат бозорида талаб катта бўлган 70 дан ортиқ касб бўйича ишсиз фуқароларга таълим берилмоқда. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республикада ишсизлик даражаси 8,9 фоизга туширилган. Қашшоқлик даражаси кўрсаткичи 17 фоиздан 14,1 фоизга камайган.
Жорий йилда барча имкониятлар ишга солиниб, Ўзбекистонда қашшоқлик даражасини 12 фоизгача камайтириш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА