Байрамни рисоладагидек ўтказиш учун масъуллар назорати кучайтирилди
Пойтахтимизда Қурбон ҳайити байрами ва дам олиш кунларида коммунал хизматлар барқарор ишлашини таъминлаш масалалари юзасидан тадбир ташкил этилди.
Унда пойтахтнинг барча 12 та тумани ҳокимларининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари, шунингдек, коммунал хизматлар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда Ҳайит байрами ва дам олиш кунларини пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун тартибли ва қулай шароитда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, туманларда ободонлаштириш, санитария-тозалик, коммунал хизматларнинг навбатчи бригадалари узлуксиз ишлаши, жамоат жойлари ва маҳаллаларда зарур шароитларни таъминлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Масъулларга белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш ва байрам кунларида барча хизматларнинг кучайтирилган тартибда ишлашини таъминлаш вазифаси топширилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА