Байрамга муносиб туҳфа
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрамига муносиб туҳфа сифатида Наманган вилоятининг Учқўрғон ва Норин туманлари ҳудудида барпо этилган Қўғай-1 ва Қўғай-2 кичик гидроэлектр станциялари фойдаланишга топширилди.
Кенг кўламга эга бўлган Қўғай-1 ва Қўғай-2 кичик гидроэлектр станцияларининг жами ўрнатилган қуввати 18 МВтни ташкил этади. Бу Наманган вилоятида фаолият юритаётган 10 та гидроэлектр станциясининг амалдаги 100,5 МВтлик қувватига нисбатан қарийб 18 фоизлик янги салоҳият демак. Энг асосийси, ушбу қувват Катта Андижон каналининг мавжуд сув оқимидан фойдаланиш ҳисобига яратилмоқда.
Иншоотларни тантанали ишга тушириш маросимида вилоят ва туманлар фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари, пудратчи ва қурувчи ташкилотлар масъуллари, нуронийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Ислом Абдураҳмонов ушбу ГЭСлар мамлакатимизда энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин самараси эканлиги, вилоят аҳолисини “яшил” энергия манбалари билан таъминлашга катта ҳисса қўшишини таъкидлади.
Мазкур янги станциялар Катта Андижон каналида кичик ГЭСлар каскадини барпо этишга қаратилган, умумий қиймати 54,7 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳанинг муҳим қисми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида Қўғай-1, Қўғай-2 ва Бешқўрғон станцияларини барпо этиш кўзда тутилган бўлиб, каскаднинг умумий қуввати 23 МВт, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 172,5 миллион кВт·соатни ташкил этади.
Эътиборлиси шундаки, станцияларнинг ишга туширилиши Учқўрғон ва Норин туманларида юзлаб инсонларнинг бандлигини таъминлашга имкон яратди. Биргина Қўғай-2 кичик ГЭСнинг ўзида 157 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Ишчи-ходимларнинг аксарияти ёшларни ташкил қилиб, улар вилоятдаги олий таълим муассасаларини тамомлаган, “муҳандислик мактаб”ларида тобланган умидли кадрлардир.
[gallery-31071]
– Бундан беш-олти йил аввал қишлоғимизда мана шундай кўркам энергетик иншоотлар қурилади, деб хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Ҳукуматимизнинг инсон қадрини улуғлаш, халқимизни ҳаётидан рози қилиш, аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатишга қаратаётган эътибори натижасида гидроэлектр станцияси қурилиши эътиборга молик янгиликлардан бири бўлди, – дейди станциянинг ёш техниги Сарвиноз Жўраева. – Жорий йилда Наманган давлат техника университети энергетика факультетини тамомлаб, янги ишга тушган кичик ГЭСга ишга қабул қилинганимдан хурсандман.
Бу каби гидро иншоотларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, янги энергетик қувват яратиш учун мавжуд инфратузилманинг имкониятларидан фойдаланишдир. Канал ўзининг асосий сув хўжалиги вазифасини бажаришда давом этган ҳолда, сув оқимининг энергетик салоҳияти электр энергиясига айлантирилади.
“Яшил” энергетика масканларининг тўлиқ ишга туширилиши 40 миллион метр кубгача табиий газни ёки 33 минг тонна кўмирни иқтисод қилиш имконини беради. Иншоотлар гидрологик режимга таъсир қилмайди ва гидробиологик объектларга зарар етказмайди ҳамда атроф-муҳит ва табиат ўзгаришига таъсир кўрсатмайди.
Қувонарлиси шундаки, байрамона туҳфалар арафасида савобли ишга қўл урилди. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Норин туманида яшовчи 11 нафар ўғил боланинг суннат тўйи маросими ҳам уюштирилиб, уларга муносиб ғамхўрлик кўрсатилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА