Байрамга ҳозирлик қизғин
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманида энг улуғ, энг азиз байрам — мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Туманнинг марказий кўчалари бўйлаб Давлат байроқлари ўрнатилиб, «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори акс этган баннер ва тарғибот материаллари жойлаштирилмоқда. Ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари байрамона безатилиб, турли композициялар яратилмоқда.
[gallery-30813]
Айни пайтда ҳудудда ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш ишлари ҳам жадал давом этмоқда. Дастурга мувофиқ, маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, коммунал тизимдаги мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, янги тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Тумандаги «Ёшлик» маҳалласида ички йўлларни асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада аҳоли ташаббуслари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, «Ташаббусли бюджет» дастурининг навбатдаги мавсумида маҳалла аҳолиси фаол иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олди. Натижада ҳудудни ободонлаштириш учун 1,18 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Мазкур маблағ ҳисобидан маҳалланинг Косонсой кўчасидаги 2 километр ички йўлни асфальтлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса аҳоли учун янада қулай ва равон ҳаракатланиш шароитини яратишга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА