Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишмоқда.
Қонун лойиҳасида бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормалар ўз аксини топган.
Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида 50 дан ортиқ модда зарур нормалар билан тўлдирилди, 34 та модда, 60 га яқин моддадаги бандлар чиқариб ташланиб, кодекс 5 та янги модда билан тўлдирилди. Қонун лойиҳасидаги чиқариб ташланган моддаларнинг аксарият қисми мазкур қонуннинг тартибга солиш доирасига кирмаслиги, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида коррупцияни келтириб чиқариши туфайлидир.
Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида ундаги айрим нормалар амалдаги қонунларга мослиги ўрганиб чиқилди. Мазкур жараёнда лойиҳадаги айрим нормалар “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалар тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга зид эканлиги аниқланиб, мазкур камчиликлар бартараф этилди.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасида илк бор меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик институтининг жорий этилиши белгиланмоқда. Бу, ўз навбатида, иш берувчи ва ходимлар, уларнинг вакиллик органлари ўртасидаги муносабатларда ўзаро манфаатлар мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳада хизмат текшируви жараёнининг жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Бу иш берувчи томонидан ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш жараёнида ҳақиқатни, яъни ходимнинг айби бор ёки йўқлигини аниқлаш орқали адолатли қарор қабул қилишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасидаги энг муҳим янгиликлардан яна бири – бу дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги кунга кўчирилиши белгиланяпти. Яъни қонунчиликда белгиланган байрам кунлари якшанба кунига тўғри келса, унда душанба куни дам олиш кунига қўшиб берилади.
Кенгайтирилган мажлисда депутатлар лойиҳани моддама-модда кўриш давомида ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ҳамда эътирозларини билдирмоқда. Барчанинг кундалик меҳнат фаолиятидаги муносабатларга оид ушбу лойиҳа муҳокамаси қизғин баҳслар асосида давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА