Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида Хитойнинг “Yutong” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 36 дона замонавий автобус наманганликларга туҳфа қилинди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, республика транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров автобуслар аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, айниқса, кексалар, талабаларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Қувончли воқеага шерик бўлиб турганимдан беҳад хурсандман. Эътироф этиш лозим, яшил жамоат транспортида халқаро талаб остида “Бир камар – бир йўл” бўйлаб давлатлар транспорт тизимини тоза энергияга айлантиришга киришилди, – дейди Хитой Халқ Республикасининг “Yutong” компанияси Марказий Осиё бўйича сотув бўлими раҳбари Санг Жанг. – Айниқса, тез ривожланаётган Ўзбекистонда ҳам аҳолининг яшил саёҳат ва қатнов эҳтиёжларини таъминлаш учун ноёб транспорт тармоғи барпо этилмоқда. Биз дунёнинг илғор автобус ишлаб чиқарувчиси сифатида, юқори технологияларга таянган ҳолда маҳаллий ҳудуд учун мослаштирилган маҳсулот тақдим этиш, тизимни оптималлаштириш устида тинмай изланишда давом этамиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Наманган шаҳридаги “Экспресс долина” масъулияти чекланган жамият томонидан Қозоғистоннинг “Ti Dji Es Konsalting Grupp” компанияси ҳамда хитойлик инвесторлар сармояси иштирокида олиб келинган янги жамоат транспортида электрон тўлов тизими тўлиқ жорий этилган.
Шунингдек, келгусида йўловчилар учун зарур қулайликлар, хусусан, кексалар, ёшлар ва ногиронлиги бор кишиларга мўлжалланган чегирмали нархдаги ойлик йўл карталари чиқариш режалаштирилган. Қайд этиш жоизки, сифатли йўловчи ташиш хизматини ташкил этиш учун автобуслар харид қилишни жадаллаштириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят транспорт бошқармаси саъй-ҳаракатлари билан Хитой Халқ Республикасидан “Yutong” русумли 100 дона автобус олиб келиш юзасидан 10 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағларини киритиш бўйича келишувга эришилганди.
Икки томонлама тузилган битимга мувофиқ, янги автобусда йўловчилар учун барча шароитлар муҳайё этилди. Жумладан, 25 ўриндиқли автобус ёзда совитиш, қишда иситиш тизимига эга. “GPS” тизими ва ҳар томонлама видеокузатув камералари билан жиҳозланган. Ногиронлиги бор кишилар учун махсус йўлак (пандус) ҳамда жой ажратилган. Янги автобусларни Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳудудлари бўйлаб 1-сонли “Отчопар бош бекати – Тахтакўприк”, 2-сонли “Отчопар бош бекати – Чорсу”, 3-сонли “Юксалиш – Чорсу” йўналишларда белгиланган тартибда қатнови йўлга қўйилди.
[gallery-18961]
Дарвоқе, автобуслар учун вилоят ҳокимлиги, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда транспорт бошқармалари томонидан Наманган шаҳрининг диққатга сазовор ҳудудлари – Ислом Каримов, Алишер Навоий, Амир Темур ва Нодим Намангоний кўчаларида жамоат транспорти ҳаракатланиши учун “А” тасмали махсус йўлаклар ташкил этилди.
– Бундай қулай ва замонавий автобусни узоқ йиллардан бери орзиқиб кутардик. Очиғи, пойтахтимиз кўчаларида кўрганда, бизнинг ҳудудларга ҳам келармикан, деган яхши ниятда ҳавас қилгандик, – дейди меҳнат фахрийси Тоҳиржон Иномов. – Ўйлайманки, йўловчилар мазкур автобусларда чиройли юриб, узоқ йиллар яхши хизмат қилишига ҳисса қўшишади. Фуқароларга яратилган қулай шарт-шароитлар учун Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз.
Тадбирда, эҳсон дастурхони ёзилиб, дуога қўл очилди. Сўнг, автобуслар карвони вилоят нуронийлари, кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда илк ҳаракатни бошлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.