Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича кўпкураш кубогининг биринчи босқичи якунланди
Пойтахтимизда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича кўпкураш кубогининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 110 нафардан зиёд ёш спортчи ғолиблик ва совринли ўринлар учун баҳс олиб борди.
Анъанавий тарзда ташкил этилган мусобақада спорт мактаблари ҳамда Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари тарбияланувчилари иштирок этди. Беллашувлар U14, U16 ва U18 ёш тоифаларида К-1 ва С-1 йўналишлари бўйича ўтказилди.
U14 ёш тоифасида К-1 йўналишининг 6000 метр масофасида ўғил болалар ўртасида Беҳруз Зокиров ғолиб бўлди. Натан Танатмишев иккинчи, Ислом Бахтиёров учинчи ўринни эгаллади. Қизлар ўртасида Самина Хантемирова, Мумтоза Иноғомова, Амира Камолова кучли учликдан жой олди. С-1 йўналишида Озодбек Ҳасанбоев олтин медални қўлга киритди.
U16 ёш тоифасида К-1 йўналишининг 8000 метр масофасида ўғил болалар ўртасида Давид Нетреба, қизлар ўртасида Алиса Калинина биринчи ўринни эгаллади. Гунеш Ҳусейн ва Эъзоза Иноғомова иккинчи, Дмитрий Сармин ва Юлиана Тропина учинчи бўлди. С-1 йўналишида Нодир Жўраев ғолиб дея эътироф этилди. Асадбек Саидвалиев иккинчи, Элёр Исматуллаев учинчи ўринни банд этди.
U18 ёш тоифасида К-1 йўналишида ўғил болалар ўртасида Марк Шербаков, қизлар ўртасида Умида Джунусбекова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олди. Искандер Абдулин ва Ҳуснора Абдусалимова кумуш, Марат Каримов ва Дарья Валеева бронза медалига сазовор бўлди. С-1 йўналишида ўғил болалар ўртасида Далер Холматов, Ойбекжон Убайдуллаев, Аскар Уралов ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Қизлар ўртасида эса Зебо Олтибоева ғолибликни қўлга киритди, Хадича Файзиева иккинчи ўринни эгаллади.
Кўпкураш кубоги ёш эшкак эшувчиларнинг маҳорат ва салоҳиятини намоён этиши, уларнинг мусобақа тажрибасини ошириш ҳамда истиқболли спортчиларни саралашда муҳим аҳамият касб этади.
Дарвоқе, мусобақанинг навбатдаги босқичи декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА