Байдарка ва каноэ: Ўзбекистон ШҲТ Кубогини олтин билан бошлади
Спортчиларимиз мусобақанинг биринчи кунида 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлатлари очиқ кубогининг биринчи куни Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари учун муваффақиятли якунланди.
18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида каноэнинг С-1 йўналишида 1000 метр масофада Беҳруз Эргашев маррага биринчи бўлиб етиб келиб, олтин медалга сазовор бўлди. Муҳаммадазиз Арипов эса ушбу дастурда иккинчи натижани қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди. С-1, 200 метр масофада ҳамюртимиз Муаттар Қодиржонова финишга иккинчи бўлиб етиб келди.
23 ёшгача бўлган спортчилар баҳсида Хонзода Эркинова С-1, 200 метр масофада кумуш медални эгаллади. С-1, 1000 метр масофада иштирок этган Муҳаммадали Мирсманов кучли учликдан жой олиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Мусобақанинг бугунги ва эртанги дастуридан икки ва тўрт кишилик экипажлар ўртасидаги баҳслар ҳам ўрин олган. Унда Ўзбекистон вакиллари С-2, К-2 ҳамда К-4 йўналишларида медаллар учун кураш олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА