“АТОМЭКСПО-2024” халқаро форуми доирасидаги тадбирларда иштирок этаётган ўзбекистонлик экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Бахтиёр ЭРГАШЕВ, “Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази директори:
– 2018 йилдан буён “АТОМЭКСПО” халқаро форумида иштирок этаман. Ўтган форумлар муҳокамаларида ўртага ташлаганадиган саволлар, мавзулар, масалалар умуман бошқа эди. Яъни, атом энергетикаси инсоният учун керакми ёки йўқ, атом саноатининг истиқболи борми каби саволлар, бу бўйича қизғин баҳслар бўлган. Лекин бу йилги форумнинг асосий фарқли жиҳати, атом энергетикаси истиқболига, ривожига тўлиқ ишонч ҳосил қилинган. Атом энергетикаси ҳам “яшил” энергетиканинг бир йўналиши сифатида узоқ истиқболга эга экани кўпчилик экспертлар томонидан қайд этилмоқда.
Турли минтақаларда экологик муаммолар жиддий тус олаётган бир пайтда “яшил” технологияларни ривожлантириш, хавфсиз ва самарали энергия манбаларини жорий этиш ҳар бир мамлакат тараққиёти учун муҳим. Шу жиҳатдан дунёнинг турли мамлакатлари ва компанияларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва конструктив мулоқотда узоқ муддатли ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш зарур. Бунда “АТОМЭКСПО” муҳим мулоқот майдонига айланди, десак муболаға бўлмайди. Унинг мақсади эса тоза энергияга асосланган порлоқ келажакни таъминлаш.
Яна бир эътиборли жиҳати, бу йилги форумда мавзулар кўлами кенг. Янги IV авлод ядро технологиялари имкониятларидан ҳозирги кунда нафақат энергетика, балки тиббиёт, биология, генетика, рақамлаштириш, таълим, саноат, логистика, экология соҳаларида ҳам фойдаланиляпти. Форумда ушбу йўналишларнинг истиқболли кўрсаткичлари, самаралари экспертлар томонидан тақдим этилмоқда. Ушбу IV авлод ядро технологияларининг афзал жиҳати бунда ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси АЭС учун янги ядро ёқилғисини ишлаб чиқаришда қайтадан ишлатилади. Жаҳон энергетикаси истиқболи учун жуда муҳим. Чунки янги турдаги ёқилғининг саноат миқёсида қўлланилиши келажакда ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисидан фойдаланиш ва уран хомашёси қазиб олинишини қисқартириш имконини беради.
Мамлакатимизда ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш, сўнгги авлод технологияларини мазкур соҳаларда жорий этиш имкониятларини кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ўзбекистонлик мутахассислар, илмий-тадқиқот марказлари ходимлари шу каби форум ва тадбирларда кўпроқ қатнашиб, ўз билимлари ва малакаларини оширишлари талаб этилади.
Нурилло НАСРИЕВ
ёзиб олди.
Сочи, Россия