Бугун оқинлар ва жировлар юрти Нукусда II Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлади.
Улуснинг ўзлигини танишида юзйилликлар давомида синов ва тажрибадан ўтган қадриятлари, боболардан қолган ўлмас ёзма мерос ҳамда авлоддан-авлодга, отадан ўғилга, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган фольклор асарлари айрича асос бўлиб хизмат қилади.
Шу боис ўзбек халқининг мингйилликлар билан бўйлашадиган теран илдизлари озиқланган бебаҳо қадриятларининг борлиги, айниқса, улар ичида халқ оғзаки ижодининг бахшичилик ва достончилик сингари тенгсиз санъатнинг мавжудлиги миллат маънавиятининг ўқ томири, битмас-туганмас ноёб манбаидир. Бу ноёб санъат кишиликка олам ва одамга боғлиқ ҳодисалар моҳиятини англаш, юртга садоқат, элсеварлик туйғуларини шакллантириш, инсоннинг ҳаётда яшашдан мақсади, меҳру оқибат, одамийлик моҳияти ҳақида жиддий ўйлаш имкониятини беради.
Она сайёрамизда кечаётган бугунги глобаллашув билан боғлиқ жараёнлар бахшичилик ва достончилик санъатининг миллат маънавий қиёфасини сақлашдаги ўрни ва қадри ортиб бораётганидан далолат бермоқда. Шу жиҳатдан Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида муҳим воқелик бўлган эди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилиши белгилаб қўйилган. Ушбу фестивалнинг биринчиси 2019 йил 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтган эди. Бугун эса ушбу нуфузли фестивалнинг иккинчиси катта кўтаринкилик билан Нукус шаҳрида бошланди.
Фестивалга чет эллик таниқли фольклоршунослар, бахшию шоирлар, оқину жировлар, ижодий жамоалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрий меҳмонлар иштирок этмоқда. Бу эса фестиваль нуфузининг ошишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган II Халқаро бахшичилик санъати фестивали қуйидаги вазифаларни ҳал этишга ёрдам ҳам беради. Хусусан, мингйилликлар қаъридан отилиб чиққан ҳикматлар билан йўғрилган халқ достонларининг ҳар бир байти, мисраси қадим боболаримизнинг ахлоқий ва руҳий тарбиясида қанчалик улкан аҳамият касб этган бўлса, бугун ҳам замондошларимиз, айниқса, ёшларимиз тарбияси учун шунчалик камарбаста бўлади. Фольклор дурдоналари – достон ва эпосларда мужассам бўлган Ватанга муҳаббат, элу юрт ҳимояси, ёрга садоқат, халқлар дўстлиги, бағрикенглик, илму урфонга интилиш, сўзга чечанлик сингари ғоялар фарзандларимиз кўнглига сингиб боради.
Шунингдек, халқимизнинг улуғ қадриятларидан бахшичилик санъатининг қайта тикланишига, бахшичилик мактабларидаги устоз ва шогирдлик анъанаси давом этишига замин ҳозирлайди. Бу эса ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг нодир намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳамда кейинги авлодларга етказишга хизмат қилади.
Ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналарини илмий татбиқ қилиш, янги нашрларини чоп этиш, халқимизнинг эзгу орзу-умидлари куйланган достон ва эпослардаги қаҳрамонлар тимсоли акс этган фильмлар яратилишига кенг йўл очилади, юртимизга сайёҳлар оқими ортишига, демакки, туризмнинг ривожланишига йўл очади.
Шу билан бирга, юртимизда кечаётган туб ўзгаришлар, маънавий-мафкуравий юксалишлар даврида бу сингари фестивалларнинг ўтказилиши илмий жамоатчилик, маданият соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни кўнглидагидек иш бўлмоқда.
Қудратулла Омонов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети проректори, филология фанлари доктори, профессор.