Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни” муносабати билан “Барқарор тараққиёт: инклюзив таълим ва хотин-қизлар ташаббуслари” V халқаро форуми бўлиб ўтди.
Тадбирнинг асосий мақсади, хотин-қизларнинг илм-фандаги иштирокини кенгайтириш, инклюзив таълим тизимини ривожлантириш ҳамда гендер тенглиги бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳокама этишдан иборат бўлди.

Форумни ТДШУ ректори, профессор Гулчеҳра Рихсиева очиб берди. Шунингдек, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, БМТ Aҳолишунослик Жамғармасининг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Aбасзаде, Ўзбекистон Волонтёрлари Aссоциацияси раҳбари Ширин Обидова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Aбдуллаева, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Ўзбекистондаги Британия кенгаши директори Денисе Ваддинг ўз маърузалари билан иштирок этди.
Форум доирасида ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ва “Шарқшунос лидер қизлар клуби” аъзоларининг ижодий ишлари ва қўл меҳнатлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.
Форумда давлатимиз томонидан олима аёлларни қўллаб-қувватлаш, қизларни олий таълим тизимига қамраб олиш, уларнинг илмий-маърифий салоҳиятидан юртмизда кечаётган янгиланиш жараёнларида кенг фойдаланиш, фаоллигини кучайтириш каби масалалар юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА