“Баркамол авлод”: стол тенниси мусобақаларининг финал босқичи якунланди
Хоразм вилоятида академик лицей ва касбий таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари ўртасида ўтказилган “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг стол тенниси бўйича финал босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мусобақа давомида ҳудудлардан саралаб олинган энг кучли спортчилар ғолиблик учун кураш олиб борди. Финал баҳслари кескин ва муросасиз тарзда ўтиб, иштирокчиларнинг тайёргарлиги ва маҳорат даражаси юқори эканини намоён этди.
Яккалик баҳсларида ўғил болалар орасида Хоразм жамоаси ғолиб бўлди. Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари жамоалари кучли учликдан ўрин олди.

Қизлар орасида Тошкент, Хоразм, Бухоро ва Самарқанд жамоалари ғолиб ва совриндорга айланди. Микс (аралаш) жуфтликлар йўналишида Хоразм, Бухоро, Тошкент шаҳри ва Жиззах жамоаси шоҳсупага кўтарилди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА