Барҳаёт шоира
Раъно Узоқова тўнғич бўғинга мансуб ўзбек совет адибларининг бири сифатида алоҳида аъзозга лойиқ. Мардикорликка қарши кураш кескинлашган бир даврда дунёга келган Раънонинг уч ёшида етим қолгани ва шу боисдан Термиз темир йўл ишчиси Марям Бадриддинова тарбиясини олгани ҳурматли китобхонга маълум.
Бадриддинова саккиз ёшга кирган Раънони интернатга ўқишга берди. Шоира кейинроқ “Ўз ўтмишимга ўхшатма” деган бир шеърида қисман ўз таржимаи ҳолини ёзди. Раъно интернатда яхши ўқиди.
1927 йилдан то 1931 йилгача Термиз таълим – тарбия техникумида ўқиди. Техникумни муваффаққиятли тамомлаган Раъно бир неча йил ўқитувчилик қилди.
Аммо унинг юрагида санъатга, шеъриятга жўшқин муҳаббат бор эди. Бу туйғу унга ором бермас, самовий юксакларга чорларди. Шу тариқа шеър туғиларди.
Ҳаётимнинг нашъадасидир,
Сен-ла кечган дамларим.
Фаслларим кулган баҳор,
Гуллари мисраларим!
Бу дамлардан у тамомила рози эди. Бу дамлар бахти кулган қизнинг балоғат давридаги романтик ҳиссиётларга тўла дамлари эди. Гул ҳам, майса ҳам кўзига яшноқ, гўзал кўринади.
Ватанга садоқатини у чинакам фарзандлик туйғуси билан изҳор этади. Кейинчалик шоира “Бухоро ҳақиқати” сўнг “Ленин йўли” газеталарида ишлайди. Бу даврда асарлари матбуот уйини кўради. Шоира сифатида танила бошлайди.
Раъно Узоқова ўз касбини ғоят севишдан ташқари актив жамоатчи ҳам бўлган.
Раъно Узоқова куч ва қувватга, ғайрат-эҳтиросга тўлган айни балоғат ёши – 31 ёшида юрак ҳасталигидан Самарқанд шаҳрида вафот этди.
Шу кунгача шоиранинг учта китоби етиб келди. Улардан бирини шоиранинг ўзи тузиб нашр этишга муваффақ бўлган. Иккинчи ва учинчилари адабиётимиз жонкуяри Зулфия ҳамда Душан Файзийнинг ташаббуси билан нашр этилган. Шу асарларнинг ўзиёқ шоиранинг баракали ижодидан далолат беради.
Аммо шоиранинг ижоди, Шароф Рашидов, Насрулло Охундий, Душан Файзий, Нормурод Файзуллаевларнинг мақолаларини ҳисобга олмаганда кам ўрганилган, илмий тадқиқ қилинмаган.
Негадир, шу вақтгача адабиётшунос олимларимизнинг эътиборини тортмаяпти. Ҳолбуки, шоиранинг чуқур мазмунли, бадиий жиҳатдан бақувват шеърлари алоҳида ўрганишга арзийди.
***
Кўз ўнгимдан адибамизнинг ҳаёт йўли ўтади. Раъно Узоқова 30-йилларда Оққўрғон қишлоғида 7 ой ўқитувчи ва қишлоқ Советининг секретари бўлиб ишлагач, туман театрига ишга ўтди. 1936 йилнинг августидан бошлаб Қизилтепа туман театрида артистлик қилди. Агар Раъно Узоқова машҳур шоира бўлмаганида таниқли актёр бўлиши ҳам мумкин эди.
Раъно Узоқова саҳнада узоқ вақт ишлаганидан бир талай саҳна асарлари ҳам яратди. Шулардан бири “Учрашув”.
Мазкур асар республикада хизмат кўрсатган артист Асрор Жўраев билан ҳамкорликда ёзилган. Қатнашувлар ёш сайловчи, комсомолка, участка сайлов комиссияси раиси Бурхонов, маҳалла қоровули Ҳожи қизиқ, масъул хизматчи Мирза Ўлмас, депутатликка номзод Усмонов, Одил қора, Карим будур, Омон пучуқ, сайловчилар, музикачилар ва артистлардан иборат.
Асар руҳига совет сайлов системаси, бу тантанани ўтказишга омманинг қизғин тайёргарлиги, депутатликка номзод билан билан учрашуви халқ сайлига айланиб сингдириб юборилган. Персонаж ва образларнинг тили, характери ўзига хос.
Анзират образида кўпроқ адибанинг ўзини кўрамиз. Бу образ унинг биографиясини янада бойитган десак, хато бўлмас. Бу ҳол унинг ҳикояларида ҳам учрайди.
“Қувонч”, “Рашк”, “Табассум”, “Қиймат”, “Иссиқ-совуқ”, “Ўғирланган бахт”, “Зафарнинг ҳукми” ҳикояларида ҳаётда бўлиб ўтган бирон воқеа ёки бирор одам тақдири қаламга олинади.
«Рашк» ҳикоясининг қаҳрамони Алексеев — паровоз машинисти. У Ватан мудофаасига қурол-яроғ етказиб бериш билан банд. Аммо бекорчиликдан инжиқ бўлиб қолган хотини Наташа бўлар бўлмасга ҳархаша қилаверади. Алексеев уни меҳнат жабҳасига тортди. Шогирди Зухрани машинист ёрдамчилигидан санатория поезд машинисти даражасига етказди. Наташа эрни қаттиқ севди, ишдан қайтишини ҳамиша интизорлик билан кутади. Бошқалардан рашк қилади...
Хусусан, Зухрадан қизғанади. Аммо унинг рашки беҳуда эканлиги қизнинг бир тасодиф туфайли очилади.
«Зафарнинг ҳукми» ҳикояси ўқувчини ҳаяжонга солади.
Регистондаги кичик истироҳат боғида онаси билан сайр этаётган бола қаршисида чиққан ҳарбий кишини кўриб, «Дада, дада! Ойи, ана дадам!» деганича талпинади. Ёш жувон хижолатдан уялиб, болани бошқа томон етакламоқчи бўлади. Аммо бола «дада, ўзимнинг дадам», деганича ҳарбийнинг бағрига отилади. Ҳарбий уни даст кўтариб эркалай бошлайди. Бола ундан ажралмайди. Жангни Ҳасан уларни кузатиб қўйишига мажбур бўлади. Уйга кирадилар. Маълум бўлишича, Зафарнинг дадаси Ҳасанга жуда-жуда ўхшар экан. Зафар ҳануз кўзларини йигитнинг бўйнидан олмас, худди уни ташлаб ҳозир чиқиб кетишини билгандек юзларига жавдираб тиклади.
Ҳасан Самарқандда анча туриб қолди. Ҳар куни оқшом келари Зафар уни тўқатсиз кутиб олар, кетаетганда эса ширин уйқуда бўлар, улар бир-бирларига ўрганиб қолишганди. Зафар Ҳабибахон ва Ҳасаннинг қовушиб кетишларига сабаб бўлди.
Раъно Узоқованинг насрий асарлари орасида «Уйлаган бахт» янада характерлидир. Ҳикоянинг сюжети адибанинг Кисловодск курортларидан биридаги таассуроти сифатида дунёга келган.
***
Раъно Узоқованинг достонлари алоҳида ўрганишга, тадқиқ қилишга арзийди. Бу достонларда ажойиб аниқ воқеалар ўзига хос услубда, равон мисраларда шундай ўйноқи, жозибадор, шавқли, дардли оҳангларда куйилиб келадики, киши унинг асири бўлиб қолади.
Адиба ёш бўлишига қарамай, катта ҳаёт йўлини, гирдобли, тўғонсиз сўқмоқларни босиб ўтганиданми, унинг умр дафтарги аниқ воқеаларга шу қадар бойки, уларни мақола, лавҳа, очерк, ҳикояларда айтиб улгуролмади чоғи, бир қисмини достонларига олиб ўтибди, қўшиқ тарзида куйлабди.
Қўлимизда шоирининг беш достони: «Малоҳат», «Ғалаба», «Сарқиз» (биз уни шундай деб атаймиз), «Гуландом», «Марк ва Муҳаббат».
«Гуландом»дан бошқа биронта достони ҳалигача эълон қилинмаган, биров адабиётшунос олимнинг эътиборига чалинмаган.
Бизнингча, бунга сабаб шу бўлса керак: шоир ҳаётида шўрланиш ва «Гуландом» достонидан айрим парчаларининг китоб шаклида кетириб ўтиши мумкин бўлган ҳамма асарлари, шулар қаторида достон ҳам унинг архивида қолиб кетди.
Достонлар ҳақидаги бахсимиз «Сарвқад»дан бошламоқчимиз. Бу адибанинг дастлабки асарларидан биридир. Достонда амирлик тузуми, қашшоқлик, ишсизлик, чўпон Дуланинг бойлар хонадонидаги ҳасратли кечмиши, «Чўпон қиз»нинг Сарвқанднинг орзу-армонлари, босмачилар хуружи, бу хуружга қарши Сарвқанднинг илғорлиги, зафарлари, коллективлаштириш даври, унга Сарвқанднинг фаол ҳаракати, Москвада халқ душмани кўргазмасида Сарвқанднинг курашдаги дўсти, бир фожиа туфайли ажралиб қолган ёрини учратиш ҳақида ҳикоя қилинади.
Бир қарашда булар ўйлаб топилган гапларга ўхшайди-ю, аслида халқ қўшиғига айланиб кетган.
Қора сочим ўсиб қошимга тушди,
Не савдолар менинг бошимга тушди.
Сарқанднинг мунгли надоматлари орқали қизнинг чигал ҳаёт йўли ифодаланади.
Адиба янги эпизодларини, хусусан, Улуғ Ватан уруши қаҳрамонликларини лиро-эпик асарларига олиб киради. Бу жиҳатдан шоирнинг «Малохат» асари характерлидир.
Шундай кишилар бор: улар ҳам севмоқчи, ҳам севилмоқчи бўладилар. Севгининг тантанасини қилишни истайдилар. Улар ҳам осойишта турмуш, пок муҳаббат лаззатини тотишни истайдилар. Аммо ҳаёт уларнинг тақдирини бошқа изга солиб юборади. Икки ҳаёт тўқнашуви туфайли улар бундай лаззатни тарк этиб, ижтимоий бурч туфайли бошқача одамга айланадилар.
Шоира «Марқ ва Муҳаббат» достонида топилмаларнинг бир афсонаси, яъни бир севги фожиасини қаламга олса, «Гуландом»да яна Улуғ Ватан уруши мавзусига мурожаат қилади.
Мен бу достонларни қўшиққа ўхшатгим келади. Чин севги, садоқат, Ватанга муҳаббат ҳақидаги бу ўлмас қўшиқлар ҳамон баланд авжда янграмоқда.
Бундан 52 йил муқаддам Ватанимиз тупроғига манфур душман босиб кирди. Кексaю ёш, аёлу эркак қўлига қурол олиб, душман йўлини тўсишга отландилар. Халқни оловли жангларга қанотлантирувчи баланд руҳ зарур эди.
Уша йиллари китоб дўконларида муҳаззина бир китобча пайдо бўлди. Унинг оқ-мовий ранглар кесишган муқовасида дастаси дафна баргларига бурканган қизил байроқ тасвирланганди.
Байроққа байроқ тусидаги ҳарфлар билан «Мардона юринг!» деган икки сўз ёзилган. Унинг муаллифи Раъно Узоқова эди.
Келинг, шу китобга кирган баъзи шеърлар билан танишайлик.
Гул Ватаннинг моҳир қизлари,
Озод элнинг курар кўзлари.
Она-Ватан чорлади бугун,
Баҳодирлар сафига киринг,
Мардлик билан мардона юринг!
каби чақириқлар уруш кунлар учун сув ва ҳаводай зарур эди.
Шоира бу долзарб мавзуда изчил ижод қилди. Элнинг юрагидаги дардини шеърга солди.
Жангчиларга булайлик ҳамдам,
Ярасига қўяйлик малҳам,
Оналардек меҳрибон, меҳрам,
Ҳамширалар, тез сафига киринг,
Ширинсўзлар, мардона юринг!
«Мардона юринг!» тўпламига йигирма бир шеър киритилган. Уларнинг ҳаммаси бир мавзуга — Ватан мудофаасига бағишланган.
Дилдорлар ўз эрларини, оналар суйукли фарзандларини, дугдалар оталарини туйиб, ларзага эмас, жангга — киришга юбатишган. Ватан бошига фалокат тушганда уни қутқариш — инсоний бурч. Шунинг учун шоира қўлидаги уч ўғлига ундаб, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Қўчқор Турдиевга бағишланган шеърда буни қуйидагича ифодалайди:
Ғазаб ичра кўзларинг тўлиб қонга,
Рустам сифат сен кирганда майдонга.
Ваҳимага тушди ёвуз гитлерчи,
Шер олдида ҳеч бўлди тулки куч.
Найза тортиб, найза санчдинг танига,
Кирдинг солдинг душманларнинг жонига.
Чўмилтириб ўзингни ўт қонига,
Ҳам жойладинг қора ернинг қаърга.
Ҳамиша ёвузлик зулматни кесгандек, эзгулик ёвузликни енггандек, ватанимизга хиёнаткорона бостириб кирган фашизмни халқимиз — шоира «Мардона юринг!» деб хитоб қилган қаҳрамон эл қабрга тикди.
Ғалабага чалиниб карнай,
Днепрдан ўтиб келди ер.
Баҳодирни табрик этгани,
Ўз жонимни айладим нисор...
деб шоира жангдан қайтган ғолибларни ғалаба билан кутлашга ҳам муяссар бўлади.
Жанг тугади. Аммо жангдан сўнг бунёдкор ишлар қизиб кетди. Бу қурилишлар, тиклашлар, омборларни ризқ-насиба билан тўлдириш жабҳалари эди. Жангдан тўлиқиб чиққан Ватан бир лаҳза тиним билмас, чунки селдай ёғилган ўқлар, бомбалар обод манзилларни харобаларга айлантирган. Бу жойларни қайта қуриш, обод қилиш лозим эди.
Аммо булар шоира Раъно Узоқованинг ижодидан ўрин олмади. Шоира совет кишилари ҳаётида ўчмас из қолдирган бу беором лаҳзаларнинг икки йилини кўриб улгурди, холос.
У тириклигида асарларининг мукаммал нашрини кўролмади. Бу бўшлиқни адабиётшунослар, Раъно Узоқова ижодининг садоқатли мухлислари тўлдирмоқда. Эндиликда Термиз, Самарқанд, Ургут, Жарқўрғон ва Деновда қатор маданий-оқартув муассасалари, ўқув юртлари, мактаблар, кўчалар Раъно Узоқова номи билан юритилади.
Раъно Узоқова оташин илҳоми, ҳарорат ва эҳтиросли қалби билан ҳамиша ижод гулшанида барҳаётдир.
Тоштемир Турдиев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
ЎзА