Барча қулайликларга эга мактаб биноси фойдаланишга топширилди
Навоий вилояти Нурота туманидаги Янгитурмуш маҳалласида жойлашган 20-сон умумтаълим мактаби тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий ва барча қулайликларга эга 417 ўринли янги бино фойдаланишга топширилди.
Янги таълим масканининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири таълим тизимини замон талаблари асосида ривожлантириш, ёш авлод учун муносиб ва қулай таълим муҳитини яратишдир. Шу мақсадда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мактабларни реконструкция қилиш ва уларни замонавий инфратузилма билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳа “Инвестиция дастури” асосида амалга оширилиб, реконструкция ишларига 6,7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Қурилиш ва реконструкция ишлари “Ашраф” хусусий корхонаси томонидан бажарилди.
Янгиланган мактабда ўқувчилар учун таълим олишнинг замонавий ва қулай муҳити яратилган бўлиб, бино зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминланган ҳамда ўқувчиларнинг хавфсизлиги, қулайлиги ва сифатли таълим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири