Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Қўнғирот туманида янги иш ўринларини яратиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ulugbek kiYet” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган автомобилларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишилди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида янги хизмат кўрсатиш объекти учун ер майдони ажратиб берилган. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 15 та янги иш ўрни яратилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси ушбу фармон асосида ер майдони ажратилиб, янгидан қурилаётган “Regal Bereket Team” масъулияти чекланган жамиятининг савдо маркази, шунингдек, имтиёзли кредит маблағлари асосида янгидан ишга туширилиши белгиланган нодавлат мактаб қурилишини кўздан кечирди.

Қурилиш ишларини сифатли қилиб якунлаш, мазкур объектларни белгиланган муддатида ишга туширишда яқиндан кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди. Шундан сўнг, раис “Қўнғирот” овул фуқаролар йиғинидаги “Yudash Аlixah” масъулияти чекланган жамияти томонидан 60 та янги иш ўрни яратишга қаратилган, 1,2 миллион доллар маблағ асосида янгидан қурилаётган тузни қайта ишлаш заводини бориб кўрди.

Ҳозирги вақтда маҳсулотларини ички бозор ва экспортга йўналтириб турган ва 70 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Turan gold prom” масъулияти чекланган жамиятининг техник туз ишлаб чиқарувчи корхонасига Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони асосида 10 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган.
“Brich product” масъулияти чекланган жамияти томонидан мебель учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 1 миллион доллар бўлиб, бугунги кунда 50 нафар киши иш билан таъминланган. Маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилмоқда. Корхона ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида божхона имтиёзларидан фойдаланиб келмоқда.
“Ҳоким ата” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шуҳрат Худайбергенов томонидан имтиёзли кредит маблағлари асосида ишга туширилган мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси иш бошлаши натижасида қўшимча 6 нафар кишининг бандлиги таъминланган.
Жўқорғи Кенгес Раиси ташаббускорлар билан яқиндан мулоқот қилди. Ўз навбатида, бизнес вакиллари Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича берилган имтиёзлар учун Президентимизга чексиз миннатдорчиликларини билдиришди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси туманда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва даромад олишига кўмаклашиш бўйича ишларни ҳам кўздан кечирди. Жумладан, “Қўнғирот” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи томорқа ер эгаси Турғанбой Оразбаев, ўз брендига эга “Сарби Рамазан” биогумус ишлаб чиқариш фирмаси раҳбари, “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Байрамбай Даулетияров ҳамда асаларичилик билан шуғулланаётган Мансур Жуманиязовнинг ишлари билан ҳам танишди. Томорқалардаги ҳосил олиш бўйича ташкил этилган ишлар кўздан кечирилиб, озгина ерни юқори даромад манбаига айлантиришга қаратилган бундай тажрибалар кўпчиликка намуна бўлиши зарурлиги таъкидланди.
“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит олиб, ўз хонадонида мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйган Бегзад Ашировнинг ишларини бориб кўрди. Тадбиркорликни кенгайтириш бўйича тавсиялар берилиб, улар доимий қўллаб-қувватланиши қайд этилди.
“Киет” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан “Бир контур-бир маҳсулот” тамойили асосида 15 гектар ер майдонида амалга оширилаётган лойиҳа кўриб чиқилди. Бириктирилган фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш бўйича ушбу ташаббусни тўлиқ амалга оширишда барча чораларни кўриш масъуллар зиммасига юкланди.
Жўқорғи Кенгеси Раиси “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижтимоий турар жойда яшовчи фуқаролар билан ҳам учрашди. Уларнинг муаммоларини тинглаб, мутасаддиларга кўтарилган масалаларга тез фурсатда ижобий ечим топиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Шу куни республика ва туман ташкилотлари масъуллари иштирокида ўтказилган мажлисда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелдаги “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори билан Қўнғирот туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби белгиланган вазифаларнинг бажарилиш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида қатор вазифалар белгилаб берилган. Бунинг учун молиявий манбалар ва имкониятлар ҳам яратилган. Аммо айрим жойларда муассаса, ташкилот мутасаддилари, шунингдек, маҳалла фаоллари томонидан камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, маҳаллалардаги ишларнинг амалда бажарилиши, тақдим этилган ҳисоботларда қўшиб ёзишларга йўл қўйилганлиги, ободонлаштириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларнинг талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Бу борада масъуллар огоҳлантирилиб, айримларига интизомий жазо чораси қўллаш бўйича топшириқлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири