Президент ташрифидан сўнг...
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш бугунги кунда дунё миқёсида энг долзарб масалалардан бирига айланди.
Иқлим ўзгариши, ер ресурсларининг чеклангани ва аҳоли сонининг ортиши шароитида сув ҳамда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда аҳоли турмуш даражаси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистонда ҳам ана шундай ислоҳотлар изчил йўлга қўйилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида Чортоқ туманида давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилинган сув насос станцияси фаолияти билан танишган эди. Президент ташрифидан сўнг биз ҳам ушбу станция иши билан яқиндан танишдик.
Катта Наманган магистрал каналида жойлашган “Айқирон-1” насос станциясида маҳаллий ишлаб чиқарилган энергия тежамкор агрегат ва замонавий ускуналар ўрнатилган. Илгари бу ерда ҳар йили тахминан 6 миллион кВт/соат электр энергияси сарфланар эди. Янгиланган тизим эса йилига 40 фоизгача электр энергиясини иқтисод қилиш имконини бермоқда. Бунинг аҳамияти шундаки, фақат бир станциянинг ўзидаги бундай иқтисодий самара кўп йиллик харажатларни тежаб, инвестицияларни тезроқ қоплашга замин яратади.

Энергия тежамкорлиги билан бирга, янги насосларнинг сув чиқариш қуввати ҳам юқори. Бу эса ер майдонларини суғориш кўламини кенгайтириб, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Хусусан, сувдан самарали фойдаланиш орқали фермерлар харажатлари камаяди, маҳсулот таннархи пасаяди ва бозорда рақобатбардошлик кучаяди.
Ҳозирги кунда вилоятда икки юздан ортиқ насос станцияси мавжуд. Улардан 43 таси “Наммоторс сув таъминот” корхонаси томонидан давлат-хусусий шериклик асосида ўн йил муддатга бошқарувга олинган. Бу жараёнга 40 миллиард сўмлик инвестиция йўналтирилган бўлиб, агрегатларнинг миллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётгани саноат тармоқларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва импорт харажатларини қисқартириш имконини бермоқда.
– Давлатимиз раҳбари икки йил ичида “Айқирон-1” тажрибаси асосида вилоятдаги барча насос станцияларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича топшириқ берди, – дейди “Наммоторс сув таъминот” корхонаси раҳбари Собир Бекмирзаев – Шу билан бирга, Наманганда йўлга қўйилган бу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Келгусида 750 дан зиёд фермер хўжаликларига қуёш панеллари орқали ишлайдиган кичик насослар ҳамда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу нафақат энергия харажатларини камайтиради, балки сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш орқали ҳосилдорликни оширади.
Президентимиз технологияларни янгилашнинг ўзи етарли эмаслиги, улардан тўғри ва самарали фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эгалигига эътибор қаратди. Илм асосида ташкил этилган бошқарув тизими модернизациянинг иқтисодий самарасини юксалтиради. Бу қишлоқ хўжалигида маҳсулот ҳосилдорлигини оширади ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, томчилатиб суғориш усули қишлоқ хўжалигида сув сарфини икки баробаргача камайтиради ва ҳосилдорликни 40-50 фоизга кўпайтириши мумкин. Масалан, Ҳиндистонда насос станцияларига қуёш панеллари ўрнатилиши йиллик электр харажатларини миллиардлаб долларга камайтирган, Испанияда эса давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилган модернизация натижасида фермерларнинг даромади ўртача 20-25 фоизга ошган. Бундай тажриба шуни кўрсатадики, энергия тежамкор технологиялар жорий этилиши ҳар гектар ердан олинадиган ҳосилдорликни кескин оширади.
Эътиборлиси, яқин истиқболда “Айқирон-1” тажрибаси асосида вилоятдаги барча насос станциялари янги босқичга олиб чиқилади. Шу билан бирга, Наманганда йўлга қўйилган бу тажриба мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқ хўжалигидаги самарадорликни ошириш, фермерлар даромадини кўпайтириш ва энг асосийси, сув ресурсларини келажак авлодлар учун асраб қолишнинг узоқ муддатли пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Рустам НАЗАРМАТОВ(сурат),
ЎзА