Мирзаободлик икки навқирон йигит пул топиш, мўмайгина даромадга эга бўлиш мақсадида "UzKart" банкомати, унинг ичидаги пулларни ўмармоқчи бўлди.
Пухта режа тузишди. Банкомат сақланадиган жойда турган видеокамерани ҳам ёддан чиқаришмади. Ўғрилар тасвирга тушиб қолмаслик учун бири юзини эркаклар шарфи билан, иккинчиси қора рангли футболка билан беркитиб, тунги соат 1:20 ларда Мирзаобод туманининг Боғистон маҳалласида жойлашган "UzKart" банкоматини пичоқ, темир очқичлар билан бузишни бошлашди.
Аммо уларнинг “ови” ўхшамай қолди. Яқин орада турган ИИБ ходимлари уларнинг ноқонуний хатти- ҳаракатига нуқта қўйди.
Агар режалари амалга ошганида эди, унча- мунча эмас, нақд 177 млн 395 минг сўмни қўлга киритиб, миллионерга айланишарди.
Ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судида кўриб чиқилди. Одил ва Дилшод(исмлар ўзгартилган)нинг вояга етмагани, Ҳамидулла деган йигитнинг ҳам бу жиноятга алоқадорлиги гувоҳларнинг сўзлари, рад этиб бўлмайдиган далиллар билан исботланди.
–Мазкур суд ишида айбдорлар қилмишидан пушаймонлиги, жиноят оқибатида етказилган моддий зарарнинг қопланганлиги инобатга олиниб, суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш сўралди, – деди Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Жаҳонгир Турдимуродов. –Аммо суднинг якуний ҳукмига кўра, Одил ва Дилшодга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ушбу жазони йигитлар умумий тартибли колонияларда ўташлиги суд томонидан белгиланди.
Минг афсуски, олий маълумотли бўлиш арафасида турган бу йигитларнинг қимматли йиллари энди озодликдан маҳрум ҳолда ўтадиган бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири