Мамлакатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Наманган давлат техника университетида Марказий банк вилоят бош бошқармаси ҳамда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган филиали билан ҳамкорликда учрашув ташкил этилди.
Очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган учрашувда олийгоҳнинг молиявий йўналишларда таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари, вилоятдаги тижорат банклари ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этиб, меҳнат бозоридаги долзарб масалалар, иқтисодиётни янада ривожлантириш учун малакали кадрларни тайёрлаш жараёни ва битирувчиларнинг иш билан таъминланиш имкониятлари ҳақида атрофлича фикр юритилди.

– Университетда ўқиш давомида назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмалар олдик. Бу тадбир ҳам биз каби битирувчилар учун катта имконият бўлди, – дейди университет битирувчиси Усмонжон Ҳасанов. – Иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, ўзимизни намоён этиш ва банк соҳасида ишлашга тайёр эканлигимизни маълум қилдик. Тавсияномага эга бўлишим мен учун катта масъулият ва келажакда ўз соҳамда янада ривожланишим учун муҳим қадамдир. Университетимиз раҳбариятига, ташкилотчиларга ва катта ишонч билдирган банк масъулларидан беҳад миннатдормиз.

Тадбирда сўзга чиққанлар банк-молия соҳасида замонавий касбий кўникмаларга эга бўлиш муҳимлиги, бу борада олий таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, битирувчиларга ишга жойлашиш жараёни, тизимдаги меҳнат фаолияти, замонавий банк хизматлари ва инновацион молиявий технологиялар ҳақида кенгроқ тушунча берилди.

Учрашувда Наманган давлат техника университетининг 15 нафар битирувчисига вилоятдаги турли банкларда иш бошлаш учун тавсиянома тақдим этилди. Бу ўз навбатида, ёш мутахассисларга ўз соҳаларида фаолият юритиш ва профессионал ривожланиш учун кенг имкониятлар яратади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА