Юртдошларимизда янги тартибдаги арзон уй-жойлар учун ипотека кредити олиш бўйича кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда. Ушбу ҳолат билан боғлиқ саволларга Марказий банк департамент директори Камрон ЎТБОСАРОВ жавоб берди.
– Қайси тижорат банкларида ипотека кредитлари берилади ва қайси банкларда кредитлар давлат дастурлари асосида ажратилади?
- Тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилаётган ипотека кредитлари асосан қуйидаги 3 йўналишга бўлинади. Биринчиси, тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан ажратиладиган ипотека кредитлари. Мазкур ипотека кредитлари бугунги кунда тижорат банклари томонидан ўзларининг ички кредит сиёсатига асосан бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозоридан квартираларни сотиб олиш учун бозор фоиз ставкаларида ажратиб келинмоқда. Бу йўналишдаги батафсил маълумотларни тижорат банклари ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларидан олиш мумкин.
Иккинчиси, Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг жорий этилган янги тартиби доирасида ипотека кредитлари ажратилмоқда.
Учинчи йўналиш, “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан ажратиладиган ипотека кредитлари.
Бугунги кунда ушбу жамият маблағлари ҳисобидан 8 та тижорат банки (Ипотека-банк, Асака банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Қишлоққурилишбанк, Туронбанк, Агробанк ва Халқ банки) томонидан бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозоридан квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратилмоқда.
Шунингдек, мазкур кредитларни олишда фуқаро қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим. Унга кўра, 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, оилавий ойлик ўртача даромади 10 миллион сўмдан ошмаслиги ҳамда камида 6 ой давомида доимий даромадга эгалиги, кредит бўйича ойлик тўловнинг оилавий даромадга нисбати 50 фоиздан ошмаслиги, аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд эмаслиги ва охирги 12 ой ичида 30 кундан ортиқ муддатга тўланмаган қарздорликка йўл қўйилмаганлиги, қарз олувчида ва унинг турмуш ўртоғида ипотека кредити қарздорлиги мавжуд эмаслиги.
– Янги тартибдаги уй-жойлар учун ажратилган ипотека кредитларидан олмоқчиман. Бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?
- Янги тартиб доирасида ипотека кредитлари бирламчи уй-жой бозорида квартираларни сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун бозор фоизлари асосида уй-жой ҳисобланган қийматининг 85 фоизидан ошмаган миқдорда, 20 йил муддатга, мижознинг хоҳишига кўра 6 ойлик имтиёзли давр билан ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда берилади.
Шу ўринда уй-жойнинг ҳисобланган қиймати, уй-жой нархи ва ҳудудларда ажратилиши мумкин бўлган ипотека кредитининг энг кўп миқдори хусусида ҳам тўхталиб ўтсам. Уй-жойнинг ҳисобланган қиймати ва уй-жой нархи бир-биридан фарқли тушунчалар бўлиб, уй-жойнинг ҳисобланган қиймати ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда квартира бир квадрат метрининг ўртача бозор қиймати ва квартиралар майдонининг энг кам меъёрларини инобатга олган ҳолда белгиланади.
Масалан, фуқаро қишлоқ жойларда нархи 400 миллион сўм миқдоридаги уй-жойни сотиб олмоқчи. Қишлоқ жойларда уй-жойнинг ҳисобланган қиймати 280 миллион сўм, ипотека кредитининг энг кўп миқдори эса 238 миллион сўм этиб белгиланган. Мазкур уй-жойни сотиб олиш учун фуқарога 238 миллион сўм ипотека кредити ажратилади ва қолган 162 миллион сўм миқдоридаги маблағларни ўз ҳисобидан қоплайди.
Шунингдек, вилоят шаҳарларида уй-жойнинг ҳисобланган қиймати 364 миллион сўмдан ошмаган квартиралар учун ипотека кредитининг энг кўп миқдори 309,4 миллион сўмгача, Тошкент шаҳрида эса уй-жойнинг ҳисобланган қиймати 399 миллион сўмдан ошмаган квартиралар учун ипотека кредитининг энг кўп миқдори 339,2 миллион сўмгача берилади.
Янги тартиб доирасида иштирок этувчи 14 та тижорат банкининг ипотека кредитлари бўйича шартлари ҳамда алоқа учун телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотларни www.ipoteka-bozori.uz расмий веб-сайтидан олиш мумкин.
– Янги тартиб доирасида ипотека кредити олишда фуқаро ва биргаликда қарз олувчи ўртача ойлик даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида қайси ҳужжатларни тақдим этиши зарур?
- Фуқаро ва агар мавжуд бўлса, биргаликда қарз олувчи ўртача ойлик даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида қуйидагилардан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун иш ҳақи, пенсия тўловлари миқдори, жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумот, фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган доимий тарздаги даромадларини тасдиқловчи маълумотлар, давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича декларация, юридик шахслар кафиллиги (юридик шахснинг йиллик соф фойдасининг 50 фоизи қарз олувчининг қарз юки кўрсаткичини ҳисоблашда қўшилиши мумкин), қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадларни тасдиқловчи маълумотлар талаб этилади.
– Янги тартиб доирасида ипотека кредити олиш учун тижорат банкларига мурожаат қилганимда улар сизнинг даромадингиз етмайди, деб кредит ажратишни рад этди. Лекин менинг уй-хўжалигида бошқа даромад манбаларим бор ва ипотека кредитларини қоплашга кўзим етади. Бу ҳолатда қандай йўл тутсам бўлади?
- 8 та тижорат банки томонидан ажратилаётган ипотека кредитларини олишда фуқароларнинг қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан юқори бўлмаслиги лозим.
Фуқароларнинг даромадлари етмаган тақдирда бир уйда истиқомат қилувчи сифатида доимий рўйхатдан ўтган яқин қариндошларининг даромадларини тақдим этиши мумкин. Шунингдек, янги тартиб доирасида ипотека кредити олишда фуқароларнинг қарз юки кўрсаткичи 70 фоиздан ошмаслиги лозим.
Ипотека кредити олишда фуқароларнинг даромадлари етмаган тақдирда ўзи билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари, шунингдек, Давлат солиқ хизмати органи томонидан уй-хўжалигидан олинган даромадларни акс эттирувчи декларация ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа даромадларни тасдиқловчи маълумотлар тақдим этиши мумкин.
– Биламизки, даромади юқори бўлмаган фуқароларга ипотека кредити олиши учун субсидия берилади. Агар фуқаро аввал кредит олган бўлса, бошланғич бадал ёки фоиз учун субсидия олиши мумкинми?
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидиялар олган оила аъзолари (эри, хотини)нинг такрорий мурожаат этганда субсидия тўланиши рад этилади.
Шунингдек, фуқаро потенциал қарз олувчиларга ўрнатилган мувофиқлик мезонларига жавоб бера олса, қарз юки кўрсаткичи 70 фоиздан юқори бўлмаса, шунингдек, кредит ташкилотларидан аввал олган кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорликлари аниқланмаса, янги тартиб доирасида субсидия маблағларисиз ипотека кредити олиши мумкин.
Юқорида қайд этилганлардан бошқа асоссиз ҳолатларда ипотека кредити ажратилиши рад этилганда ёки кечиктирилганда фуқаролар Марказий банкнинг 71-200-00-44 ёки 71-212-62-05 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиши мумкин.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА